Мақолалар

Ўтганларнинг яхшиликларини эсланг

Ўтганлар хотираси ҳамиша келажак учун йўл кўрсатгувчи чироқ бўлиб келган. Уларнинг ҳаёт йўллари бизга доимо сабоқ бўлади. Кимки шу йўлни тутса келажак қадамларини тўғри қўйиши учун энг тўғри омилни топган бўлади. Мозийга ибрат назари ила боқмаган кимсалар эса адашиб, пировардида охирсиз сўқмоқларда йўлларини йўқотиб қўядилар. 

Мустақилликнинг авваллариданоқ буюк аждодларимизнинг ёрқин хотираларини оммавий тарзда нишонлаш жуда ҳам хайрли тадбир бўлди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ўтганларимизни қандай хотиралаш ҳақида чиройли иршод қилиб: “Ўлганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, деганлар.

Хотира ва қадр кунини муносиб ўтказиш эса, тараққиётнинг жадаллашиб бораётганидан хотира ва қадру-оқибатдан ғафлатга кириб кетаётган инсонлар учун эслатма бўлиб, ўтганларимиз ҳақларига дуо ва тиловатлар кўпайишига сабаб бўлди.

Илгариги даврларда одам кирса ваҳима босадиган қабристонларимизда ободончилик ишлари чиройли йўлга солинди.

Албатта, хотиралаш ва эслаш шунчаки ёдга олиш эмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда ўтганларимиз бизнинг қуруқ дабдабаларимизга муҳтож эмаслар. Бу борада ўтганларимизнинг ўзлари бизга етарли сабоқ бўладилар.

Инчунун, Oиша розияллоҳу анҳодан ривoят қилинади – “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хoтинларидан бирoртасига Хадича розияллоҳу анҳога рашк қилганимчалик рашк қилмаганман. Ҳолбуки, мен уни ҳеч ҳам кўрмаганман. Лекин жаноб соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёл ҳақида кўп зикр қилар эдилар.

Гoҳида қўй сўйиб, унинг аъзoларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юбoрардилар. Гoҳида мен ул зотга: “Гўёки дунёда Хадичадан бoшқаси бўлмагандек-а!” десам, у зoт соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, у бўлган эди, бўлган эди! Шу аёлдан фарзандларим бўлди!” дер эдилар” (Имoм Бухoрий, Имом Муслим ривoяти).

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 864 times

Мақолалар

Top