Мақолалар

Салом – ҳурмат белгиси

Салом бериш азал-азалдан давом этиб келаётган инсоний қадриятларимиздандир. Одатда бешикка гўдакни белаш олдида кўп тилаклар қилинади. Жумладан, “Ассалому алайкум” сўзлари қайта-қайта такрорланади. Айни шу кундан бошлаб фарзандга салом сўзи тез-тез эслатилади. Улар оиладаги кексаларга, ота-оналарига, оила аъзоларининг барчасига салом беришга ундалади. Боғча, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам устоз-мураббийларга салом берилиб, бу муқаддас таълим ҳаётда давом этиб бораверади. Салом – халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромини билдирадиган, дилни дилга улайдиган, меҳр-оқибат кўприги бўлиб, одоб-ахлоқнинг асоси ҳисобланади. 

Турли вазиятда ҳам юракдан берилган салом киши юзида табассум уйғотади. Салом бериш инсоний бурч – у ёш ва тил танламайди. Саломлашиш жараёнида қўлланиладиган сўзларнинг маъно ва мазмунида нақадар эзгу ниятлар ифодаланади. Бир эътибор беринг-а! Саломлашиш эсон-омон бўлмоқ, сақланмоқ, безарар юрмоқ, тинчлик, ҳавфсизлик, хусусан соғлик-саломатлик тилаш каби одамийликнинг олийжаноб рамзидир. Бу ҳақда Юсуф Хос Хожиб “Салом беришдан асл мақсад салом берувчининг алик олувчига омонлик бераётгани, унга аминлик ато этаётгани, унга нисбатан ёмон нияти йўқ экани, айни пайтда ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан иборатдир”, деган экан. 

Ҳақиқатан, салом бериш – қарз. Салом билан киши бой бўлмайди ёки қорни тўймайди. Лекин “Ассалому алайкум” деган сўзингиз, сизнинг одамийлигингиз, инсонийлигингиз эътиқодингизни ҳамда қаршингиздаги кишига нисбатан ҳурматингизни билдиради.

Салом бериш халқимизниг турмуш-тарзига сингиб кетган. Шунинг учун ҳам қаерда ва қандай ҳолатда бўлишдан қатъи назар: отлиқ пиёдага, йўловчи ўтирганга, бир киши кўп кишига, кичик каттага салом беради. Бу эса эзгуликнинг бир рамзи бўлиб ҳисобланади. 

Ўзгаларга нисбатан яхши ният ва яхши муомалада бўлиш киши камоли учун аҳамиятлидир.

Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари “Одоб-ахлоқ, тарбия” рисоласида “катталар қўл чўзгандан кейин кичиклар таъзим қилиб, катталарнинг ҳурматини жойига қўйиб қўл бериши керак”, деб ёзган.

Кексаларни эъзоз қилиш учун ҳам ҳурмат воситаси сифатида уларга ёшлар салом беради. Ҳар бир юрт аҳли салом беришни ўзига хос равишда адо этади. Зеро, салом бериш одоби инсон табиатидаги ахлоқий ҳусусиятлардан бири ҳисобланади. Бу маъно Қуръони каримда “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27), дея таъкидланган.

Ҳаётнинг ижтимоий одобларидан саналадиган салом бериш одоби асосий алоқа воситасидир. Шу муносабат билан ўртадаги узоқликни яқинлаштирувчи меъёрлардан бири ҳамда муноабатларнинг дўстона тус олишининг сабабчиси, бир-бирига хайрихоҳ бўлишлари учун таниш ва нотаниш инсонлар ўртасида салом-алик анъанасининг аҳамияти жуда буюк. Саломлашиш ҳикматининг қирралари бошқа ўзаро муносабатларга нисбатан алоҳида эътиборга моликдир. Шу маънода Қуръони карим “... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз....” (Нур, 61) дейилди. Яъни, Аллоҳ таоло “Ассалому алайкум” деб, “покиза саломингизни айтингиз” деган сўзи билан салом беришга амр этмоқда. Демак, салом беришни Қуръони карим оятлари билан таъкидламоқда. Саломнинг жавоби тўғрисида ҳам қуйидаги ояти каримада: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз...” (Нисо, 86),  деб буюрилган.

Ушбу икки ояти карима жамиятнинг ўзаро муносабатини яхшилик билан тўлдирувчи  мақталган ахлоққа чорламоқда. Айни шу маънода Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам атрофдагиларга салом ҳақида таълим ва тарбия бердилар. Бу давргача жоҳилият асорати сабабли саломга аҳамият берилган эмас эди. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Бир киши: Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Исломнинг қайси хислати яхши?”  деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Таом беринг ва таниган-танимаган кишига салом беринг” (Имом Бухорий ривояти), деб саломни динимизнинг энг гўзал хислатларидан бири сифатида айтдилар.

Саломлашиш нотаниш кишилар билан бўлган мулоқотда ёки танишув жараёнида бўлса қалбдан қалбга ўзаро меҳр риштаси пайдо бўлиб, кўзланган мақсадга ўтиш осон кечади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Токи имон келтириб мўмин бўлмагунингизча, харгиз жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингизга нисбатан меҳру-муҳаббат ҳосил қилмагунингизча, мўмин бўла олмайсизлар. Мен сизларга бир амални ўргатаман, агар уни қилсаларингиз бир-бирларингизга нисбатан меҳр-оқибат пайдо бўлади: Ўзаро ўрталарингизда саломни ошкора қилингиз!” деб марҳамат қилдилар. (Имом Суютийнинг “Жомиул Кабир” китобида келтирилган ҳадис). Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар. Шунда ўрталарингда меҳру  муҳаббат уйғонур”, деб марҳамат қилган (Имом Аҳмад ривояти)

Дарҳақиқат, инсон салом берган кишига бағрикенглик билан муомалада бўлади. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек салом меҳр-мурувват риштаси боғланишига сабаб бўлади.

Муҳаммадали Каттабоев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

Read 7623 times
Tagged under

Мақолалар

Top