Мақолалар

Чумолининг ўн қоидаси

Қуръони карим бизга чумоли билан Сулаймон алайҳиссалом ўртасида бўлган қисса ҳақида “Намл” (“Чумоли”) дея номланмиш сурада қуйидагича ҳикоя қилади:

“Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар. Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди.

Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.

Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди”. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар) (Намл сураси, 17-19 оятлар).

Ушбу оятлар бу мавжудотнинг қадрини кўтаради, шаъни улуғлигини ифода этади. Бу қиссадан бир қанча қонунлар тузиб чиқилган бўлиб, уни “Чумолининг ўн қоидаси” деб номлаш ҳам мумкин.

  1. Умумий манфаат қоидаси: чумоли ҳаммага нидо қилганда “Эй чумолилар” дея нидо қилди ва жамоатнинг манфаатини эътиборга олди. Ўз атрофидагиларга, яқин қариндошларига чегараланиб қолмади. Ҳолбуки, бу вазиятда у ва бошқалар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлиши эҳтимоли бор эди.
  2. Ўзига ишониш қоидаси: чумоли Сулаймон алайҳиссаломга хитоб қилиш асносида ўзига паст баҳо бермади. Зиммасидаги ишни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, заррача ҳам ҳайбатланмасдан, заррача ҳам қўрқмасдан бажарди. “Мен кичкинагина мавжудот бўлсам, мени ким ҳам эшитарди”, демади!
  3. Масъулият қоидаси: бу чумоли масъулиятни юқори даражада ҳис қилмаганда эди, содир бўлган зўр иш бўлмас эди, уни асло уддалаб бўлмасди. Чумолилар мамлакатида энг қари чумоли ҳам худди жамоасига энг масъул чумолидек астойдил меҳнат қилади.
  4. Ишни тезроқ бажаришга ўтиш қоидаси: Оятда зикри келган бу чумоли ишни шартта бажарди, қўйди. Бошқалар қилишини кутиб ўтирмади. Чунки, ишни бепарво қолдириш жуда хатарлидир, бунда кечиктириш ярамайди!
  5. Амалга ошириш қоидаси: зиммасидаги бу муҳим ишга тайёргарлик кўриш, уни тезроқ бажариш билан кифояланмади, балки уни комил тарзда амалга оширишга киришди. Ишни вақтида бажариш ва уни яхшилаб амалга ошириш муваффақият қоидасининг икки ўқи ҳисобланади. Ўша икки ўқни туташтирсангиз, тамом, муваффақият тизгини ҳосил бўлади.
  6. Муаммога ечим бериш қоидаси: воқеа тўсатдан содир бўлганига қарамай, чумоли шунчаки бақириш, дод солиб огоҳлантиришнинг ўзи билан кифояланиб қолмади, балки “Эй чумолилар, масканларингга киринглар”, дея муносиб ечимни ҳам кўрсатди.
  7. Узоқни кўра билиш қоидаси: воқеалар қандай кечишини тахмин қилиш, ишларнинг оқибати ҳақида ўйлаш юқоридаги оятда ўз аксини топган. У ҳам бўлса чумолининг: “Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар” деган гапини зоҳир бўлади. Яъни, жойингизда тўхтаб қолишингиз, тезроқ ҳаракат қилиб инингизга кириб олмаслигингиз – ҳалокатингизга сабаб бўлади, демоқчи.

Бир гурух франциялик “олимлар” Қуръонни танқид қилишга уриндилар ва لَا يَحْطِمَنَّكُمْ калимасида тўхталиб, “Қуръон ушбу лафзни ишлатиш билан таъбирда хатога йўқ қўйган. Чунки  حطم(“ҳаттома”) феъли “синдирмоқ” деган маънони англатади. Шиша синдирилади, аммо чумоли синдирилмайди-ку, балки эзилади, ўлдирилади-ку” дейишди.

Бу гапга австралиялик бир олим эътироз билдирди. У бир неча йиллар давомида чумолилар тузилишини ўргана бошлади ва тадқиқот хулосасини эълон қилди. Хулосада ушбу гаплар бор эди: “Албатта, Қуръоннинг мазкур лафзи юз фоиз тўғри! Чунки чумоли танасининг 70 фоизи шиша моддадан ташкил топган экан”.

Кейин у ушбу хулосани бутун дунёга эълон қилди.

Демак, чумоли эзилмайди, балки синдирилади! Қуръон буни ўн тўрт асрдан бери айтиб келади. Аммо бу ҳақиқат бутун оламга бир неча йиллар олдин маълум бўлди.

  1. Уйғоқлик (сергаклик) қоидаси. Жамиятнинг битта аъзосини эътибордан четда қолдириш гоҳида бутун жамиятнинг ҳалокатга юз тутишига сабабчи бўлади. Ҳар бир шахс ўз атрофидагиларга ниҳоятда юқори даражада эътибор бериши лозим. Шундагина у ҳалокатга сабаб бўлувчи тешикларни топади ва бартараф этади.
  2. Кечиримли бўлиш, узр тақдим этиш ёки бошқача қилиб айтганда тўғри тушуниш қоидаси. Бу қоида чумолининг “билмасдан эзиб юбормасинлар” деган сўзида акс этган. Қаранг, сизларни синдириб кетгудек бўлсалар, буни атайин қилмайдилар, билмаган ва кўрмаган ҳолларида қиладилар, дея чиройли гумон қилмоқда. Бу ёмон гумон қиладиганларга дарсдир. Чумоли Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга зулмни нисбатламади.
  3. Табассум қилиш қоидаси. Кучли томон заиф томонга, катта тараф кичик тарафга кулфат ва қўрқинч лаҳзаларида табассум билан боқса, бу нақадар чиройли ҳолат! Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолига табассуми ҳам худди шу қабилдан эди. У зот лутф ва меҳрга тўла юз билан, чумолининг ҳаракатидан таажжубланиш ифоаси билан табассум қилгандилар. Бундай табассум одамнинг қалбига эминлик, хотиржамликни бахш этади!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 650 times

Мақолалар

Top