Мақолалар

3 кунда яримта нон еган – Расулуллоҳ ﷺ

Кунларнинг бирида Фотима розияллоҳу анҳо оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир парча нон олиб келдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу нима эй Фотима?” деб сўрадилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Ўзим ёпган нондан сизга олиб келдим. Сизга олиб келмагунимча кўнглим тинчимади”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу – отангиз уч кундан бери еган илк егулик”, дедилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган” (Имом Бухорий ривояти).

Очлик – нафсни енгишнинг энг самарали йўли. Очлик нафс учун оғир синовдир. Очлик туфайли ақл-тафаккур чархланади. Қўрқув ва безовталик кетади. Организм ўз-ўзини тозалайди, тиклайди. Доимо тўйиб юриш ҳам жисмга, ҳам руҳга ўта зарарли. Шунинг учун меъёрида оч юриш жисм учун ҳам, руҳ учун ҳам фойдалидир.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 774 times

Мақолалар

Top