Мақолалар

Маййитнинг тилла тишларини суғуриб олиш мумкинми?

Cавол: Вафот этган инсоннинг тишлари тилладан бўлса, дафндан олдин уларни чиқариб олиш жоизми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Агар вафот топган инсоннинг тишлари тилла ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсадан ясалган бўлиб,  протез шаклида бўлса ва уларни олиб қўйишда маййитга озор етмайдиган бўлса, зоеъ ва исроф бўлмаслиги учун протез тишларни олиб қўйиш лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло мол-дунёни исроф ва зое қилишдан қайтарган. Аммо маййитнинг тишлари мустаҳкам ўрнатилган тишлар бўлса, уларни олинмайди. Чунки бу ишда маййитга озор беришлик бор.

Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ўлган инсоннинг суягини синдириш худди ҳаёт (тирик) инсонни суягини синдириш кабидир”. Ушбу ҳадисга уламолар изоҳ бериб, “гуноҳкорликда ҳар иккиси бир ҳукмдадир”, деганлар.

Динимиз ҳукмларига кўра ўлган инсоннинг ҳурмати тирик инсоннинг ҳурмати билан бир хилдир. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий мўътабар манбаларидан бири “Роддул Муҳтор” китобида бундай дейилади:

“Одамзот шаръан мукаррамдир. Гарчи у ғайридин бўлса ҳам. Унинг устида битим тузиш, уни ҳурматсиз қилиш, унга нисбатан жонсиз нарсаларнинг муомаласини қилиш уни таҳқирлаш ҳисобланади. Бу иш жоиз эмас. Унинг бир қисми ҳам ўзининг ҳукмидадир”. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 903 times

Мақолалар

Top