Мақолалар

Жиддага эҳромсиз кириш жиноятми?

Cавол: Эшитишимизча Жидда мийқот ичида жойлашган экан. Юртимиздан бораётган аксар зиёратчилар Жидда аэропортига қўниб, Мадинага кетишади. Шу ҳолатда жиддага эҳромсиз киргани учун жиноят қилган бўлмайдими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳақиқатда Жидда шаҳри мийқот ичида жойлашган. Маккага бораётган киши нима мақсадда бораётган бўлса ҳам мийқотдан эҳром билан ўтиши вожиб саналади. Чунки Аллоҳ таоло бу жойни бошқа жойдан афзал қилиб яратган. Ҳозирда зиёратга бораётган инсонлар асосан икки хил услубда борадилар:

Биринчиси: Жиддага қўниб, тўғри Маккага бориш. Бу ҳолатда ҳали Жиддага етиб бормай, мийқотдан ўтаётганда эҳромга кириши вожиб бўлади. Агар эҳромсиз кирса, гуноҳкор бўлади ва зиммасига жонлиқ сўйиш лозим бўлади. Бундай киши мийқотга чиқиб, қайтадан эҳром боғлаб келса, жонлиқ зиммасидан соқит бўлади.

Иккинчиси: сиз айтган ҳолат. Яъни Жиддага қўниб, аввал Мадинаи мунавварага бориб зиёрат қилиш ва ундан кейин Маккага жўнаш. Бу ҳолатда Жиддага, яъни мийқот ичига эҳромсиз кириш жиноят ҳисобланмайди. Чунки бу каби инсонларнинг мийқотдан ўтаётгандаги дастлабки мақсади Маккага эмас, балки Мадинага боришдир. Бу ҳақида фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

“Маккага, яъни ҳарам ҳудудига ҳаж (ёки умра)ни ният қилмай, бирор иш туфайли киришни мақсад қилган кишининг мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетиш ҳаром ҳисобланади. Аммо агар Жидда ва Хуллайс каби ҳилл (мийқот билан ҳарамнинг орасидаги ерлар)даги бирор жойни қасд қилган бўлса, мийқотдан эҳромсиз ўтиши жоиздир” (“Роддул Муҳтор” китоби).

Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ мийқотдан эҳромсиз ўтиш масалаларини баён қилар экан, бундай дейдилар: “Бу (яъни мийқотдан эҳромсиз ўтиш ҳақидаги) ҳукмлар ҳаж ёки умра қилишни ёки Маккага ё ҳарамга киришни мақсад қилган киши беш мийқотдан биридан ўтиши ҳақидадир. Лекин бирор киши мийқотдан ўтишда буларни қасд қилмаган, балки Бани Омир боғи ёки бошқа жойни (бу жойлар мийқот билан ҳарам ўртасидаги ерлар) мақсад қилиб мийқотдан эҳромсиз ўтган бўлса, унга ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди” (“Бадоеъус саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 1031 times

Мақолалар

Top