Мақолалар

Барча ибодатлар асоси – таҳорат

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

 «Таҳорат» арабча сўз, уни тилимизга ўгирадиган бўлсак «поклик» деган маънони англатади – ҳам жисмоний, ҳам ботиний поклик – ибодат. Бу сўз барча ибодатларнинг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун шарт бўлган буюк ибодат маъносидаги покликдир.

Ҳа азизлар, динимиз покликка оддий инсоний табиатдан келиб чиқиб бажариладиган зоҳирий тозалик сифатида эмас, балки зоҳирий, ботиний, маънавий, руҳий, кўринар-кўринмас барча нопокликлардан мутлоқ покланиши лозим бўлган ибодат сифатида қарайди . Мўмин киши покланар экан, нафақат ўзини тоза ва кўркам ҳолда сезади, балки Роббил Оламийннинг буйруғини бажарган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашган садоқатли уммат сифатида буюк ажр ва савобларга ҳам ҳақли бўлади. Қолаверса, таҳоратли инсон бетаҳорат киши қила олмайдиган бир қанча ибодат ва фазилатларга ҳам эга бўлади: намоз ўқиш, Қуръонни ушлаш, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш... Шунинг учун ҳам динимиз покликни иймонга тегишли даражага кўтарган.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: " الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ،  رواه مُسْلِمٌ والنسائي والترمذي

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар» (Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Термизий ривоят қилган).

Жумладаги покликдан мақсад – риё, кибр, ҳасад каби маънавий ҳамда моддий ва жисмоний нопокликлардан пок бўлишдир. Таҳорат, яъни поклик иймоннинг ярми дейилиши – усиз ибодат қабул қилинмаслиги ва савоби беҳуда кетишидан, иймон бўлмаса ибодат умуман қабул қилинмаслиги эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик  иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда. Таҳоратнинг фазилати булар билангина чегараланиб қолмасдан, балки  Аллоҳ таолонинг яхши кўришига ҳам сабаб бўлади.

فِيهِ رِجَالٞ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْۚ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُطَّهِّرِينَ ١٠٨

«Унда покланишни яхши кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради» (Тавба сураси 108-оят).

Роббил Оламийнни Ўзи бандаларининг ичидан айнан кимларни қандай сифатга эга бўлган кишиларни яхши кўришини эълон қилиб, уларни мадҳ этаяпти. Демак, эътиборга лойиқ ва муносиб бўлишни ҳоҳлаган киши, албатта, покланган ҳолда ибодатларда бардавом бўлиши керак экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ،  قَالَ: إنَّ أُمَّتيِ يُدْعَونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ غُرّاً مُحَجَّلِينَ مِنْ آثَارِ الْوُضُوءِ، فَمَنِ اسْتطَاعَ مِنْكمْ أَنْ يُطِيلَ غُرَّتَهُ فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Демак, таҳоратга алоҳида эътибор берган киши нафақат бу дунёда барча аъзолари пок бўлади, балки охиратда, хоссатан, энг даҳшатли кун бўлмиш қиёмат куни ҳам ўзларининг алоҳида белгилари яъни таҳорат туфайли пешонаси оппоқ, қўл-оёқларидан ва юзларидан эса одамларнинг ҳавасини  келтирадиган даражада  нур таралиб турар экан. Албатта, бу ҳолат ўз-ўзидан эмас, балки таҳорат кишининг ювадиган аъзолари орқали содир этган гуноҳларига ҳам каффорот бўлиб, янада нурли бўлишига сабаб бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلی الله علیـه وسلم قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوِ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلاَهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيّاً مِنَ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ҳа азизлар, инсон ҳар тарафлама нурли, файзли, кўркам бўлиши учун унинг аъзоларидаги зоҳирий чанг ғуборларни кетказиш кифоя қилмас экан, балки яхши ният ва ибодат мақсади ила таҳорат олса унинг мазкур аъзолари орқали содир этган гуноҳлари ҳам кечирилиб, киши ҳар тарафлама покиза бўлар экан. Бу эса таҳоратнинг фазли қанчалик баланд эканини кўрсатади. Инсон борки унинг табиатида қандайдир безакларга бўлган қизиқиш ва интилиш бор. Асл безак эса ҳақиқий мўмин учун таҳоратдадир.

وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ خَلِيلِي صلی الله علیـه وسلم يَقُولُ: تَبْلُغُ الْحِلْيَةُ مِنَ الْمُؤْمِنِ حَيْثُ يَبْلُغُ الْوَضُوءُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади.

«У киши розияллоҳу анҳу мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача етади», деганларини эшитдим», деди (Имом Муслим ва Имом Насаий ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифда зикр қилинган безак оддий безак эмас, балки қиёмат куни Аллоҳ томонидан мўмин банданинг безалишидир. Лекин ҳамманинг ҳам безаги бир хил бўлмас экан. Балки таҳоратнинг қанчалик мукаммал ва бенуқсон бўлишига қараб белгиланар экан. Шунинг учун ҳам таҳорат пайтида бепарво бўлмасдан алоҳида эътибор билан ҳар бир аъзонинг тўлиқ ювилиши ва бошқа шартлари ҳам рўёбга чиқишига аҳамият қилиш керак бўлар экан. Қуйидаги ҳадиси шарифда эса таҳоратни яхшилаб бажариш тўғрисида маълумот келган.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلی الله علیـه وسلم قَالَ: أَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى مَا يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا وَيَرْفَعُ بِهِ الدَّرَجَاتِ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ! قَالَ: إِسْبَاغُ الْوُضُوءِ عَلَى الْمَكَارِهِ وَكَثْرَةُ الْخُطَا إِلَى الْمَسْاجِدِ وَانْتِظَارُ الصَّلاَةِ بَعْدَ الصَّلاَةِ فَذلِكُمُ الرِّبَاطُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

У зот:

«Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар» (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган).

Исбағ: Луғатда – батамом қилиш, мукаммал қилиш ва муболаға қилиш

Истилоҳда Таҳоратда ювиладиган аъзоларни муболаға килиб бенуқсон ювиш ва аьзоларнинг ҳар бир жойига сув етказиш, таҳоратнинг барча аҳкомларига, ворид бўлган суннат, мустаҳаб ва одобларига риоя қилган ҳолда, асарларда келган дуоларни ўқиган ҳолда бўлишидир.      

Демак, Аллоҳ таоло хатоларимизни ўчириб, даражаларимизни кўтарадиган нарса юқорида зикри келган амаллар экан. Уларнинг биринчиси эса биз сўз юритаётган таҳорат экан. «қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш» деганда эса кўп маъно бор. Аввало, қийинчилик ҳар хил бўлиши мумкин, об-ҳаво совуқлиги, мусофирчилик, нотаниш жойларда таҳорат қилиш,  ҳар хил шароитда таҳорат қилиш ва бошқалар. Демак,  мазкур қийинчиликларга қарамай баҳона ахтармасдан, таҳорат қилишдан қочмасдан, балки уни яхшилаб яъни мукаммал қилиш талаб қилинар экан. Эътибор берадиган жойимиз ҳам шунда. Таҳорат қилсак бўлди эмас ёки арзимас қийинчиликни сабаб қилиб таҳоратни тарк этиб қўйиш, гоҳо баъзи аъзоларни ювмасдан чала таҳорат қилиш билан эмас, айнан қийинчиликларга қарамай мукаммал таҳорат олиш билангина ҳадиси шарифдаги мукофотларга лойиқ бўлар эканмиз. Лекин “Қийинчилик кўп бўлса, савоби ҳам кўп бўлади” деб қасдан баьзи бир қийинчиликларни юзага келтириб чиқармаслиги керак. Масалан, иссиқ сув бўла туриб, қасдан совуқ сувда таҳорот олиш, таяммум қилишга рухсат бўла туриб, қасдан таҳорат олиб бирор машаққатга гирифтор бўлиш. Ёки аксинча  “шариатда енгиллик бор” деб таҳоратга бепарволарча қараб шошма-шошарлик билан аьзоларни чала ювиш, пайпоққа  масх тортиш, пала-партиш таҳорат олиб сув сачраши  ва либосининг булғанишига этибор бермаслик ,    сувни иситишга шароит ва имконият йўқ дея ўзича таяммум  қилиб намоз ўқиш ва бошқалар.

Мана азизлар  таҳорат ва унинг фазли  тўғрисидаги  баъзи  маьлумотлар билан  қисқача  танишиб  олдик. Хулоса қилиб айтганда, мазкур  фазилатларга  эришиш учун  аввало,  таҳорат  олувчи  таҳорат илмини яхши ўрганган   бўлиши,  қолаверса,  таҳоратхонадаги  шароит  ҳар томонлама  шариат талабларига жавоб  бериши  керак. Кейинги  мақолаларимизда  мазкур ҳолатга  тегишли  бўлган  масалалар  ва  маьлумотларни  ёритишга ҳаракат  қиламиз.  

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими

Read 6216 times
Tagged under

Мақолалар

Top