Мақолалар

Эҳромда бошга ўрнатиб олинадиган соябондан фойдаланиш жоизми?

Cавол: Ҳозирги кунда Ҳарам ҳудудида иссиқ 50 даражагача етмоқда. Бошга иссиқ ўтмаслиги учун эҳромдаги киши бошга ўрнатиб олинадиган соябонлардан фойдаланиши жоизми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳаж ўзига хос умр сафаридир. У буюк ишларни қасд қилишдир ва унга бериладиган мукофот ҳам жуда каттадир. Шунга муносиб тарзда уни адо қилиш ўзига яраша машаққат касб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У нафақанг ёки машаққатинг миқдорига қарабдир яъни қилган умранг ажри унда чеккан машаққатингга қараб зиёда бўлади”, деганлар. Лекин динимиз асосларидан бири енгиллик бўлгани учун сояланиш борасида ҳам баъзи енгилликлар бор. Масалан, эҳромдаги шахс бино, дарахт ёки оддий қўлда тутиладиган соябон (зонтик) остида сояланиши мумкин.

Бироқ юқорида айтилган сифатдаги бош кийимни кийиш жоиз эмас. Чунки бу каби бошга ўрнатиб олинадиган соябонлар баъзи халқлар томонидан бош кийим сифатида кийилади.

“Агар эҳромдаги шахс бошига одамлар киядиган нарсани қўйиб олса уни кийган ҳисобланади. Агар одамлар киймайдиган, масалан тоғорани қўйиб олса кийган ҳисобланмайди” (“Раддул Муҳтор” китоби).

Бошқа кўплаб китобларимизда ҳам ушбу маънони ифода қилувчи иборалар келади. Бинобарин бошига ўрнатиб олинадиган соябонни кийиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 907 times

Мақолалар

Top