Мақолалар

Хато қилиш айб эмас

Хато қилиб, юқоридан пастга қулашингиз айб эмас. Бу қулашдан даҳшатга тушиб, энди қайта кўтарила олмайман, дейиш айб. Хато қилиш айб эмас, уни тушуниб етгандан кейин тўғриламаслик айб!

Ҳеч бир инсон хато ва камчиликдан холи эмас. Ўзи адашиб қилган гуноҳ ишларни сўзламаслик, ўзгалардан айб ахтармаслик, бировнинг айбига, хатосига ногоҳ кўзи тушиб қолганида, уни ёймаслик динимиз талабларидандир.

Мўминнинг айби, гуноҳини кўриб қолган киши уни яшириши мустаҳабдир. Хусусан, хунук ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган кишидан содир бўлса, уни оммага ошкор қилмаслик зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Яна бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юминглар”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалалм: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан содир бўлган ишни сўзлаш ёмонликни ёйиш ҳисобланади. Уламолар: “Ишларнинг аълоси айбларни яширишдир”, дейишган.

Фузайл ибн Иёз айтади: “Мўмин яширади ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди”.

Бироқ фисқу фужур ишларни қилаётган кишини кўрганда, уни қайтариш вожиб саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳеч кимнинг бирор мусулмондан айб қидириши тўғри эмас. Аллоҳ таоло: “Ўзгалардан айб қидирманг” (Ҳужурот сураси, 12 оят), деб марҳамат қилган.

Хато ёки гуноҳ қилган мўмин Аллоҳга тавба қилиши керак. Ким бўлишидан қатъи назар, айбини бировга очмасин. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз” (Нур сураси, 19 оят), деб марҳамат қилади.

Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка тарғиб этади. Бундай йўл динимизнинг нақадар инсонпарварлигига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганларига далилдир.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1096 times

Мақолалар

Top