Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمۡۖ وَعَسَىٰٓ أَن تُحِبُّواْ شَيۡـٔٗا وَهُوَ شَرّٞ لَّكُمۡۚ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ وَأَنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ
“Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз” (Бақара сураси, 216-оят).
Ушбу илоҳий таълимот унинг мазмунини теран англаб етган ва ҳаётига татбиқ этган инсон учун улкан ютуқ ҳамда қалб хотиржамлиги калитидир.
Тақдир битигига кўра банданинг бошига кўп синовлар тушиши мумкин. Шу боис инсон ғамга ботади, уни улкан зарба сифатида қабул қилади. Лекин вақт ўтиб, бу иш унинг учун хайрли бўлгани англашилади.
Масалан, сафарга отланган киши самолётга улгура олмади ва бундан қаттиқ хафа бўлди. Ғамга ботиб турганида ҳалигина учиб кетган самолётнинг фалокатга учрагани ҳақида хабар тарқалди... Демак, мусулмон киши ҳар бир ишида аввал зарурий чораларини ва сабабларини амалга оширади, сўнгра Аллоҳ таолога таваккул қилади. Агар ишининг натижаси ўзи хоҳлаганидек бўлмаса, мазкур оятни эслаб, хотиржам бўлади.
Айни мазмундаги яна бир оят оилавий муносабатлар ҳақида нозил бўлган:
فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
“Агар уларни (аёлларингизни) ёқтирмасангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).
Ушбу Қуръоний ҳақиқатни кўплаб оилаларнинг ҳаётий тажрибасида кўриш мумкин. Ёшликларида турмушнинг аччиқ-чучугига сабр қилган, жуфтининг камчиликларига кўз юмган эру хотинлар кексайганларида роҳат-фароғатга, фарзанду набираларнинг ардоғига эришганларига ҳаётий мисоллар жуда кўп.
Бугунги кунда ушбу оят кўрсатмасига риоя қилмаслик жуда кўп нохушликларга сабаб бўлаётир. Енгил-елпи қарашлар, арзимаган сабабларни баҳона қилиб Аллоҳнинг Аршини ларзага келтирадиган талоқ қўйишлар оғир мусибат аслида. Аллоҳнинг номи билан барпо бўлган муқаддас ришта – никоҳ Аллоҳни унутиш, шайтоннинг васвасаси ва нафснинг алдамчи хоҳишларига берилиш оқибатида барбод бўлади.
Мусулмон киши, айниқса, оилавий масалаларда юзага келган ҳар қандай қарорни диёнат тарозисига қўйиб, Аллоҳ таолога манзур бўлиш-бўлмаслигини чуқур мулоҳаза қилиши, сўнгра қабул этиши лозим.
Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ишда ўргатганлари, тавсия қилганлари – истихора намози қанчалик аҳамиятли эканини англаб етамиз.
Дарҳақиқат, ишини Аллоҳга топшириб, хайрлисини сўраганлар асло ноумид бўлмаганлар, надоматда қолмаганлар. Шунинг учун ҳар бир ишнинг охири хайрли бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилиш лозим.
Муҳаммадюсуф
ХУШВАҚТОВ,
Яшнобод тумани
“Абдураҳмон ибн Авф” масжиди
имом-хатиби