Мақолалар

Агар суннат бўлмаганда, Қуръонни тушунмас эдик

Менинг Бани Умайя ибн Зайдлик – у ер Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири – ансорийлардан бир қўшним бор эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қиларди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

 

Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингиз асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ривоят қилиб, сўнг бошқа гапни айтсам, қайси осмон мени соялантиради ва қайси ер мени кўтаради?..

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар мен муҳаддислардан бирор кишини кўрсам, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирини кўргандек бўламан.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Кишиларнинг ижмоъ қилинмаган фикрларидан сақланинглар. Роббингиздан нозил қилинган Қуръон ва Пайғамбарингиз келтирган ҳадисга эргашинглар. Агар маъноларини тушунмасангиз уламоларингизга ҳавола қилинглар. Улар билан тортишманглар. Албатта, динда тортишиш мунофиқлик қолдиқларидандир.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мана шу замон каби ҳадис талаб қилишга муҳтож бўлинган замонни билмайман. Бидъатлар зоҳир бўлиб кетди. Кимнинг ҳузурида ҳадис бўлмаса, бидъатларга воқеъ бўлади.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

 Сизларнинг ҳеч бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишни истамайдими?!

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳид ва муҳаддис имомларга эргашинглар. Чунки улар ўзларининг фойда ва зарарларига қарамасдан нима бўлса ёзадилар. Ўз нафси хоҳишига ва фикрига эргашганлар эса, ўзларинг зарарларига бўлган бирор нарсани хеч ҳам ёзмайдилар.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар менинг наздимда ҳадис тасбеҳдан афзал бўлмаганда эди, ҳадис айтмас эдим.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ (розилигини) истаб ҳадис талаб қилган кишидан афзалроқ амал қилган кишини билмайман.

Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Ким ҳадис талаб қилса, батаҳқиқ Аллоҳ азза ва жаллага байъат қилибди.

Ибн Уйайна раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен ушбу ҳадисларни сенга бекорга, шундоқ айтиб бермоқдаман. Бизлардан бир киши бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилар эди.

Шуъба раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен бир ҳадис учун бир неча кеча-кундузли масофага сафар қилар эдим.

Саъид ибн Мусаййаб

 

Қайси бир сўзим Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келса уни олинглар. Мувофиқ келмаганини тарк қилинглар.

Молик ибн Анас раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатни лозим тутинглар ва ёш фарзандларингизга ўргатинглар. Зеро, улғайганда одамларга динни ўргатадиган кишилар ўшалар бўладилар.

Аъмаш раҳматуллоҳу алайҳ

 

Энг афзал мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (амалда) йўқ бўлиб кетаётган суннатларини амалга татбиқ қилган кишидир. Эй суннат эгалари (муҳаддислар) сабр қилинглар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳидлик даъвосида бўлган қози ва муфтийга ҳукмларга боғлиқ ҳадисларни билиш шарт эканига барча иттифоқ қилган.

Уламолар сўзидан

 

Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.

 

 

Read 682 times

Мақолалар

Top