Мақолалар

Аллоҳга чиройли гумонда бўлиш қандай бўлади?

Кўпчилик унутиб қўядиган, аммо Аллоҳ хуш кўрадиган катта ибодат бу – Аллоҳга чиройли гумонда бўлишдир!

Қўрқинчлик, ёмонликлар ўраб олган, йиртқич ҳайвон ўлжасига ҳамла қилгандек инсонга маъюслик ҳамла қиладиган оламда мана шу ибодат одамларнинг қалбини юмшатиш учун келади ва уларга сакинат, хотиржамлик бахш этади. Аллоҳга чиройли гумон қилганингиз миқдорича Аллоҳ сизга хайр-барак туҳфа этади ва сиздан ёмонликларни даф этади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандамнинг мен ҳақимда қилган гумонидаман: агар яхши гумон қилса ўзига яхши, ёмон гумон қилса ўзига ёмон”.

Роббингизга чиройли гумонда бўлинг! Каҳф асҳоблари Роббиларига чиройли гумон қилиб ухладилар. Уйғонсалар атрофларидаги олам тамоман ўзгарган бўлади. Аллоҳ буни уларга чиройли гумонлари сабаб инъом этди.

Аллоҳга чиройли гумонда бўлиш ўзи қандай бўлади? Масалан, бирор муаммога дуч келсангиз: “Аллоҳнинг раҳмати кенг, менга Ўзи кўмак беради, бу муаммодан Ўзи мени халос этади”, дейишингиз ёки моддий жиҳатдан қийналсангиз: “Аллоҳ қимирлаган жон борки, ризқини беувчи зот, мени ҳам унутиб қўймайди, албатта ризқимни беради”, дейишингиз. Мана шу Аллоҳга чиройли гумонда бўлиш демакдир.

Аллоҳ сизга раво кўргани сиз учун энг яхшиси эканига доим ишонинг. Суфён ибн Уяйна айтади: “Банда ёқтирмаган нарса у учун ёқтирган нарсасидан яхшироқ бўлиши мумкин, чунки у ёқтирмаган ҳолат уни дуо қилишга, Аллоҳга ёлворишга ундайди, хуш кўрган нарсаси эса Аллоҳни унуттиради”.

Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга бўлган муносабатингда рост бўл, агар рост бўлсанг, унинг меҳрибонлиги ва лутфида яшайсан. Меҳрибонлиги сени эҳтиёт бўладиган хавф-хатарларингдан сақласа, лутфи сени тақдирга рози қилади”.

Аллоҳга гумонингизни яхшилаганингиз сари Аллоҳ ҳолингизни яхшилаб бораверади. Бошқаларга яхшиликни раво кўрганингиз сари яхшилик сизга ўйламаган тарафингиздан келаверади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳга қасамки, банда Аллоҳга қандай гумон қилса, Аллоҳ унга гумон қилганини беради. Зеро, ҳамма фазл-марҳамат Аллоҳнинг қўлида!”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Одамларни орзулар алдаб қўйди ва дунёдан ҳеч қандай яхшиликсиз, савобсиз кетдилар. Шунақа одамлардан бири: “Мен Роббимга яхши гумон қилмоқдаман”, деса билингки ёлғон гапирибди. Чунки ҳақиқатан Аллоҳга яхши гумонда бўлганида эди, яхши амаллар қилган бўларди”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1022 times

Мақолалар

Top