Мақолалар

1 июнь – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни — бу жаҳон жамоатчилиги фикрини болалар ҳуқуқига қаратиш уруш хавфидан ҳимоялаш, болалар саломатлигини сақлаш, уларга демократик асосда тарбия ва таълим бериш учун курашишга жалб қилиш кунидир.

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бери ҳaр йили ёз ойининг биринчи санаси хaлқaрo бoлaлaрни ҳимoя қилиш куни сифатида ер курраси бўйлаб турли шиoрлaр oстидa кенг нишoнлaб келинади.

Бироқ бундай эзгу куннинг ташкил этилганига ярим асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, айрим қитъаларда миллионлаб болалар очлик, турли касалликлар, яшаш ва таълим олиш шароитлари йўқлигидан азоб чекаётганлиги, афсуски кўз юмиб бўлмас ҳақиқат.

Лекин, бу байрам она юртимизда ўзига хос тарзда нишонланади. Зеро, ўзбек миллатига хос нодир маънавий қадриятлар сарасидан бўлган болажонлик, оилапарварлик, меҳр-мурув-ватлик фазилатлари алоҳида ажралиб туради.

Бунга биргина мисолни келтириш билан барчани эътиборини қаратиш мумкин. иккинчи жаҳон уруши пайтида ота-онасидан етим қолган, уй-жойи вайрон бўлган, яқинларидан ажралган юз минглаб етимлар Ўзбекистон бағрида меҳр-шафқат кўрдилар.

Доно халқимиз ўзининг бир бурда нонини ана шу болалар билан беминнат баҳам кўрди. Уларни таълим-тарбия билан парваришлаб, вояга етказиб жамият аъзоларига тақдим этдилар.

Ёш авлод камолоти, таълим-тарбияси йўлида ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижроси йўлида таълимнинг биринчи босқичи бўлган мактабгача таълим ташкилотларига алоҳида эътибор берилмоқда. Ўрта ва олий таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитиш услублари жаҳон талабига мослаштирилмоқда.

Муқаддас динимизда ҳам бу борада талайгина кўрсатмалар берилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда болалар ва оилаларни яхшилик қилишга ўргатиш ҳамда уларда чиройли хулқни камол топтириш зарурлиги таълим берилган.

У зот алайҳиссалом: “Болаларингизга ва оилала-рингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни одобли этиб тарбиялангиз”, – деганлар.

Шукрки, юртимизда эътибордан четда қолган боланинг ўзи йўқ. Барчанинг кўнглида болаларга қарата меҳр-мурувват мужассам деб айта оламиз.

Умримизнинг баҳор фасли бўлган ёшлик ҳар биримизнинг қалбимизда қувончли кунлари сақланиб қолгандек, бугунги болаларнинг байрам кунлари ҳам қувончларга тўлсин. 

Зеро, бола кулса, олам кулади. Олам кулса, у қувончга тўлади, бизларнинг она юртимиз янада гуллаб яшнайди. Болаларнинг беғубор қалблари доимий яйраб-яшнайверсин.  

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби

Read 730 times

Мақолалар

Top