Мақолалар

Гумондан сақланиш – гуноҳдан сақланишдир!

Аллоҳ таоло муқаддас каломи бўлмиш Қуръони каримда ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида мўмин мусулмонларни ғийбатдан ва бир-бирлари ҳақида ёмон гумон қилишдан қайтарганлар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида хабар бериб айтадики: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз  баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа,ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албата, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир”.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”.

Бошқа бир ҳадисда айтилишича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кишилар сўрадилар. Ё Аллоҳнинг Расули ғийбат нима? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: Биродаримда мен айтган нарса бўлсачи? деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан аммо бўлмаса бўҳтон қилган бўласан”, дедилар.

Улуғ саҳобалардан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил”, деганлар.

Уламолардан Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ:Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўсти айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади”, деганлар.

Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ эса: “Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг” деганлар.

Юқорида келтирилган ояти калималар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифлари, саҳобаи киромлар ва алломаи замонларимизнинг пурмаъно сўзлари биз мўмин-мусулмонларни бошқа мўмин мусулмонлар ҳақларида ёмон гумон қилишлик ва ғийбатлардан сақланишга ундайди, иншаАллоҳ. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон гумон қилишдан ва ғийбатдан Ўзи асрасин.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 766 times

Мақолалар

Top