Мақолалар

Жаннат ҳиди ҳам насиб этмайди

Барака – жамоатдадир. Яъни ҳамжиҳат бўлиб, бирлашиб, ўзаро аҳиллик билан яшашда барака, файз бўлади. Доноларимиз: “Бир марта жанжал бўлган хонадондан қирқ кунлик барака қочади”, дейдилар. Дарҳақиқат, жанжал бўлган хонадондан барака, файз кетади.

Мана шу жанжални келиб чиқишига энг катта воситалардан бири, инсонларнинг бир-бирларига нисбатан бўлган ишончи, аҳилликни йўқолишининг сабаблари нимада? Бунинг энг катта сабабларидан бири – фирибгарлик иллатининг жамият орасида кўпайиб бораётганидир. Мана шу иллатнинг сабабидан инсонлар бир-бирига ишонмай қўяди. Жамиятда бирдамликнинг бузилишига, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч сингари туйғуларнинг камайиб кетишига сабаб бўлади.

Ислом дини мана шундай иллатларга берилган кимсаларни ва уларнинг ишини қаттиқ қоралайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фирибгар ва ёмон хусусиятли кимса жаннатга кира олмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Инсон ҳаёти мобайнида жаннатга киришга, Аллоҳни дийдорини кўришга сабаб бўладиган хайрли амаллар қилишга интилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шафоатидан умидвор бўлади. Аммо фирибгарлик сингари ёмон хулқни ўзида акс эттирган, табиатига айлантириб юборган кимсалар юқорида айтилган энг улуғ бахтлардан мосуво қоладилар.

Мўмин кимса фирибгар бўлмайди. Қалбида имони бўлган кимсалар ўзгаларни алдамайди, турли фитна-фасодларни чиқармайди. Бировни ҳаққини турли хил хурофот, маккорликлар-у, фириблар билан ўзлаштирмайди.

Зотан мўмин киши ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўриши, раво кўрмаганини эса, ўзгага ҳам раво кўрмайдиган бўлади. Мана шундагина комил мусулмон бўлади. Демак, ўзимизга жаннатни, Аллоҳнинг дийдори, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шафоатларини хоҳлаймизми демакки, дўстларимиз, фарзандларимиз, ака-ука, ёр-биродарларимиз, барча яқинларимизга ҳам шуни истамоғимиз лозим бўлади.

Бир яқинимизни вафот этиши ёки бирор бир дўстимизни йўқотишимиз ҳақиқий айрилиқ эмас. Бу дунё фоний дунё, Яратгандан ўзга барчанинг тарк этиши муқаррар. Аммо ўзингиз жаннатга кирсангиз-у яқинингизни топа олмасангиз, Ўзи асрасин дўзахда бўладиган бўлса, мана бу ҳақиқий айрилиқдир.

Абдутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Оқ масжид” жоме масжиди  имом-хатиби

Read 6328 times
Tagged under

Мақолалар

Top