Мақолалар

“Қалбингизнинг нима учун бу қадар хотиржам?”

Бир ҳаким киши айтган экан: “Хоҳлайсанми йўқми, бу – ҳаёт! Унинг ўз қонун қоидалари бор, уларни асло четлаб ўтолмайсан:

Қийинчиликларни кечиб ўтмасдан буюк инсон бўлолмайсан;

Хато қилмасдан ўргана олмайсан;

Мағлуб бўлмасдан, мағлубият аламини тотиб кўрмасдан туриб ғолиб бўлолмайсан;

Яхши кўрганларингни бутун умр йўқотмай яхши кўриб юролмайсан!”.

Бир донишманддан сўрашган экан: “Қалбингизнинг бу қадар хотиржамлиги сири нимада?”.

У дебди: “Аллоҳни таниганимдан бери менга нимаики яхшилик келса, таҳорат қилиб, икки ракат шукрона намоз ўқийман. Аксинча менга бирор зарар етгудек бўлса, таҳорат олиб, Аллоҳдан сабр сўраб дуо қиламан. Бирор ишда иккилансам, таҳорат қиламанда, истихора намозини ўқийман. Ҳаётим шу зайлда: шукр, сабр ва дуо бирла ўтади”.

Маҳзунлик пайтингиз ҳам одоб сақланг! Кўз ёш тўкар экансиз, асло ношукурлик қилманг, аксинча, Аллоҳга ҳамд айтинг! Оғриқларга бардошли бўлинг. Зеро, маҳзунлик худди шодлик сингари Роббимиз тарафидан бериладиган ҳадядир. Маҳзунлик сизда озгина вақт туради-да, кейин Роббига қайтиб кетади ва сабрингиз тафсилотини Унга етказади! Маҳзунликнинг ҳадялиги шунда!

Баъзилар савол беради: Аллоҳ таолонинг “Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” (Наҳл сураси, 97-оят) ояти билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Одамлар ичида кўп мусибат кўрганлар – пайғамбарлардир, кейин улардан кейин турадиганлар, кейин яна улардан кейин турадиганлар. Инсон дину-диёнати (мустаҳкамлиги) миқдорича синалади (мусибатланади), деган ҳадислари орасини қандай мувофиқлаштирамиз? Мўминнинг ҳаётида ҳам роҳат-фароғат, ҳам бало-мусибат жамланиши мумкинми?

Бунга аҳли илмлар қуйидагича жавоб беришган: “Оятда айтилган “яхши ҳаёт”нинг маъноси фақирлик, касаллик, мусибат каби бало-офатлардан холи ҳолда яшаш дегани эмас! Йўқ, биродарлар! Балки яхши ҳаёт бу – инсон қалби яхши ҳолда, кўнгли кенг ҳолда, Аллоҳнинг қазою-қадарига рози бўлиб, хотиржам яшаш демакдир! Бундай одамга агар хурсандчилик етгудек бўлса, шукр қилади ва у учун яхшилик бўлади, агар мусибат етгудек бўлса, сабр қилади ва у учун яна хайр, яхшилик бўлади. Пайғамбарлар алайҳимуссалом кўринишидан қийинчиликда, қавмларининг озорида яшашган бўлсада, қалблари иймонга лиммо лим ҳолда, Аллоҳнинг ҳукмига тамоман таслим бўлиб бахтли яшашган”.

Демак, яхши ҳаёт – Аллоҳга бўлган иймон соясида яшаш экан, бунинг кулфати қанчалик катта бўлса ҳам. Иймонсиз ҳаёт ҳеч қачон яхши бўлмайди, дунё неъматлари қанчалик кўп бўлса ҳам!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 891 times

Мақолалар

Top