Мақолалар

Зикр қилувчининг одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.

  1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам сўраш.
  2. Зокир таҳоратли бўлиши керак.
  3. Фазилатли маконларни ихтиёр қилиш. Масжид, Ҳарамайни шарифайни ва шунга ўхшаш жойлар.
  4. Фазилатли замонларни ихтиёр қилиш.

Имом Нававийнинг айтишича, зикр учун энг афзал вақт бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.

Имом Молик шунинг учун ҳам "Бомдод намозидан то қуёш чиққунича гапириш ва ухлаш макруҳдир", деганлар.

Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир.

Қолган барча вақтларда зикр мустаҳабдир.

  1. Солиҳ амаллардан кейин зикр қилмоқ.
  2. Ноқулай ҳолатларда зикрни тўхтатиш лозим.

Бунга халога киргандаги, жинсий яқинлик қилгандаги, жума хутбаси пайтидаги каби ҳолатлар киради.

  1. Қиблага қараб зикр қилиш керак.
  2. Рағбат, хушуъ ва хузуъ ҳамда тадаббур билан зикр қилиш лозим. Яъни фикрни жамлаб, айтилаётган зикрнинг маъносини тушуниб зикр қилиш лозим.
  3. Зикрни холи қолиб қилишга ҳаракат қилиш.

Одамлардан панада бўлиб, хилватда зикр қилиш кўпчиликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.

Ибн Ҳажар юқорида эслатилган ҳадисда келган “Агар бандам Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан”, деган иборадан “Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир” деган ҳукмни чиқарган.

Махфий зикрнинг афзаллиги бундан бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Зотан, у риёдан йироқдир.

Аммо шариатда таъкидланган, овоз чиқариб айтиш лозим бўлган лаббайка, азон ва иқомага ўхшаш ҳолатларда овоз чиқариш шарт.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.

Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, доимий равишда адо этиб юради.

Албатта, уларнинг вақтини ва матнини ҳадиси шарифларда кўрсатилгандек йўлга қўйиш керак. Биладиган одамлардан таълим олинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Нафсни покловчи омилларга қанчалик амал қилинса, нафс шунчалик покланиб бораверади.

 

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

 

Read 683 times

Мақолалар

Top