Мақолалар

Жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман

Ҳар йил тугаганда ичимизда ўзимизга савол берайлик: “Мана бир йил ўтиб, кейинги йил келди. Хўш биз қаердамиз? Ҳаётимиз давомида тўғри йўлда бормоқдамизми? Оламлар Робби билан қандай муомаладамиз? Алоқамиз қандай? Агар алоқамиз яхши бўлмаса бу йил яхшилайлик. Агар одамларга ўз хулқимиз билан намуна бўлмаётган бўлсак, энди бўлайлик! Агар ҳар куни ўзимиздан қандайдир садақаи жория қолдирмаётган бўлсак, энди ҳар куни шундай қилайлик. Ота-онамизни хурсанд қилмаётган, уларга яхшилик қилмаётган бўлсак, энди қилайлик! Агар ўтган йилимизда уммат ғамида яшамаган бўлсак, бу йилдан шундай яшайлик. Доим яхши ишларга қўл уриш билан банд бўлмаган бўлсак, энди шундай бўлсин. Ҳаётда ҳали мақсадимизни топиб улгурмаган бўлсак, шу йили топайлик! Ўтган йили вақтимизни ғанимат билмаган бўлсак, энди ғанимат билайлик! Шулар ҳақида ўйлаб, амалга оширишга ҳаракат қилиб қолмасак, йиллар тобаро ўтиб бормоқда. Бу кетишда имкониятни қўлдан бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас!”.

Ҳар биримиз янги йилимиз учун мақсадларимизни белгилаб олайлик. Катта-катта режаларни олдимизга қўяверайлик. Зеро, инсон зотида чегараланмаган имконият, катта иқтидор мавжуд. Агар кучли иродага ва олдинга қўйилган аниқ мақсадларга эга бўлсак, ҳаммамиз ҳам бу иқтидордан фойдаланишга қодирмиз!

Ҳақиқий, тўлалигича муваффақиятга эришиш калити – сайъ-ҳаракатни икки карра кўпайтиришингиз, мутахассислигингиз ва ишингизни аниқлаштириб олишингиз ҳамда замон билан ҳамнафас бўлишингиздадир.

Саҳобий Рабийъа ибн Каъб Асламийнинг Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган қиссасида ҳимматни олий қилиш ва шунга яраша ҳаракатни кўпайтириш кераклигига далил бор. У киши айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаб қолдим, уйғонгач у зотга таҳорат суви ва бошқа эҳтиёжларини олиб келдим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Сўра”, дедилар. Мен: “Жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Бошқа ҳеч нарсами?” дедилар. Мен: “Фақат шу”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер”, дедилар.

Мулоҳаза қилайлик, у фақат жаннатни хоҳлайман, демади, балки Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни сўради. Олий ҳиммат мана шундай бўлади. Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом қисқа жавоб қайтардилар: “Унда бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер”.

Бунда “Ҳаракатингни кўпайтир” деган зўр стратегияни асослаш бор.

Ҳаётда муваффақиятга эришишни истасангиз, ҳаракатингизни икки ҳисса оширинг, ниятингизни холис Аллоҳ учун қилинг, шунда Аллоҳ сизга барака беради!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 720 times

Мақолалар

Top