Мақолалар

Дунё кунларининг энг афзали

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Дунё кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни, зулҳижжанинг ўн куни)дир" (Имом Баззор ривояти).

Уламолар зулҳижжанинг ўн кунлиги афзалми ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлиги афзалми, деган масалада ихтилоф қилишган. Аллома Ибн Қаййим бу борада қуйидаги фикрни билдирган: "Рамазоннинг охирги ўнлигининг тунлари зулҳижжанинг аввалги ўн кечасидан афзалдир. Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Рамазоннинг охирги ўн кунидан афзалдир. Арафа ва қурбонлик қилинадиган кун сабабидан зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзал. Лайлатул қадр сабабидан рамазоннинг охирги ўн туни афзал саналади".

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: "Ойларнинг саййиди – Рамазон, уларнинг ҳурмати, энг баланди зулҳижжадир" (Имом Байҳақий, Баззор ва Ибн Асокир ривояти. Ривоят санади заиф).

Уламолар Рамазон ойи зулҳижжадан афзаллигини айтишган. Аслида ой ёки амаллар бир-биридан устун бўлади. Масалан, намоз рўзадан афзал. Бироқ бир кун рўза тутиш икки ракат намоздан яхшироқ.

Доримий ва Байҳақий саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда айтилишича, Саид ибн Жубайр зулҳижжанинг ўн кунида ибодатга жидду жаҳд билан киришар, бошқа вақтда қилмаган саъй-ҳаракатини айнан шу ўн кунда қиларди.

Манба

Read 987 times

Мақолалар

Top