Мақолалар

Қалбларни қандай қилиб эгаллаш мумкин?

Табассум қилинг, зеро, табассум қалбларни эгаллашда энг тез қўл келадиган воситадир ва шу билан бирга ибодат ва садақа ҳамдир.

Биринчи бўлиб салом беринг. Бу ҳам қалбнинг тубига етиб борадиган яхши хислат ва айни вақтда савоб иш саналади. Одамларнинг энг яхшиси биринчи салом бериб қолишга ошиқадиганидир. Абу Амр Надбийдан ривоят қилинади: “Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан бирга бозорга чиқдим, у киши катта-ю кичик йўлларидан чиққан ҳаммага салом берардилар”.

Очиқ чеҳрали бўлинг, суҳбатдошингизга қалбий ҳароратни ҳис қилдиринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Ҳеч қайси яхшиликни паст санама, биродарингга очиқ чеҳра билан юзланишни ҳам!”.

Одамлар билан ўзаро ҳадя улашинг, зеро, ҳадя қалбларни мойил қилади. Лекин имконингиз қадар ҳаракат қилинг. Қилиш керак экан деб бор-будингизни ҳадяга тикиб юборманг.

Сукут сақлашга одатланинг, фақат гапингиз фойдали бўладиган ўринлардагина гапиринг. Суҳбатларда овозингизни баланд кўтарманг, кўп гапирманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Гўзал хулқни, узоқ сукут қилишни ўзингга лозим тут. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, халойиқ бу иккиси билан чиройли бўлганчалик бошқа бирор хулқ билан чиройли бўлмайди”.

Одамларнинг гапига эътибор билан қулоқ солинг, гапни бўлманг. Ким шунга одатланса одамлар уни яхши кўриши шубҳасиз. Чунки яхши тингловчи ҳаммага ҳам ёқади.

Доимо ўзингизга қараб, сарамжон-саришта бўлиб юринг. Ташқи кўринишингиз, либосингиз, ҳидингизга албатта эътибор беринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар: “Мен кийими тоза, хушбўй ҳидли, тақводор йигитларни яхши кўраман”.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ отаси ҳақида бундай деган экан: “Мен отамдан кийими тозароқ, ўзига, мўйлабига, сочига, бадани тукларига эътиборлироқ одамни кўрмадим”.

Яхшилик қилинг, одамларнинг ҳожатини чиқаринг. Бунинг қалбларга таъсири жуда катта! Бир одам айтган экан: “Одамларга яхшилик қил, уларнинг қалбини асир этасан”.

Нафақат одамларнинг муҳаббатини, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини ҳам қозонасиз. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби – одамларга энг фойдаси тегадиганидир”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 803 times

Мақолалар

Top