Мақолалар

Ҳаж сафарига борганлар қурбонлик қиладими?

Cавол: Ҳурматли Фатво ҳайъати уламолари! Маълумки, бизни юртдан ҳаж ибодатига борган зиёратчилар таматтуъ ҳажини қиладилар ва таматтуъ қилганлари учун жонлиқ сўядилар. Мана шу жонлиқни сўйган ҳожилар қурбонлик кунларида алоҳида қурбонлик ҳам қилишлари керакми ёки шу сўйган бир жонлиқлари кифоями?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аввало шуни билиб олиш керакки, ҳожиларнинг қурбон ҳайити кунлари Минода сўйдирадиган қурбонликлари “Ҳайит қурбонлиги” эмас, балки икки улуғ ибодат – умра ва ҳаж ибодатларини жамлаганликлари учун вожиб бўлган “Шукрона қони” қурбонлигидир. Шунинг учун у ҳайит қурбонлигидан саналмайди.

Энди саволга бевосита жавоб берадиган бўлсак, ҳаж қилувчи эркак ёки аёл қурбонлик сўйиладиган кунларнинг охиригача муқим бўладиган бўлса ҳамда бой бўлса (яъни, унинг ҳожати аслиясидан ташқари закот нисоби миқдорича ёки ундан ортиқ маблағи бўлса) унга таматтуъ жонлиғидан ташқари қурбонлик ҳам сўйиши вожиб бўлади. Аммо мазкур муқимлик ва бойлик шартларидан ҳар иккиси ёки бири ҳаж қилувчида топилмаса унга қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди. Бу ҳақида “Ғунятун-носик” китобида бундай дейилган:

“Ҳаж қилувчи мусофир бўлса, унга қурбонлик вожиб бўлмайди. Аммо, муқим бўлса, худди Макка аҳлига вожиб бўлгани каби ҳаж қилувчига ҳам қурбонлик сўйиш вожиб бўлади. Мазкур ҳукм “Баҳрур-роиқ”, “Раддул-мухтор” ва “Хония” китобларида зикр қилинган” (“Ғунятун-Носик” китоби 276-бет).

Демак, Ҳаж арконлари бошланиб, Минога боришларидан олдин Макка шаҳрида ўн беш кун ва ундан ортиқ турадиган ҳожилар бой бўлсалар ва қурбонлик кунларининг охирги вақтида ҳам муқим бўлсалар, уларга таматтуъ жонлиғидан ташқари алоҳида қурбонлик қилишлари вожиб бўлади.

Шунингдек, қурбонликнинг охирги куни – Зулҳижжа ойининг ўн иккинчи куни қуёш ботишидан олдин Маккага қайтиб, у ерда ўн беш кундан кўп туриши аниқ бўлган бой ҳожиларга ҳам таматтуъ жонлиғидан ташқари алоҳида қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Чунки қурбонлик вожиб бўлиши учун қурбонлик сўйиладиган вақтнинг охири эътиборга олинган.

Шундай экан, қайси ҳожига қурбонлик вожиб бўладиган бўлса, хоҳласа қурбонлигини Саудия Арабистонида сўйдирсин, ҳоҳласа ватанларидаги вакилларига айтиб қурбонлик сўйдиришлари мумкин. Чунки ҳаммамизга маълум бўлган қурбонликни исталган жойда сўйиш жоиз бўлиб, ҳарамда сўйилиши шарт қилинмаган. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 736 times
Tagged under

Мақолалар

Top