Мақолалар

Шайтон сизга қанча ҳамла қилса ҳам Аллоҳга қайтинг!

Аллоҳ Шайтонни лаънатлаган пайтда Шайтон муҳлат сўради. Аллоҳ унга қиёматга қадар муҳлат берди. Шунда Шайтон:

– Иззатинг ва Жалолинг ҳаққи, одамзоднинг жони танини тарк этмагунча, уни тўғри йўлдан чиқаравераман – деди.

Аллоҳ ҳам айтдики:

– Иззатим ва Жалолим ҳаққи, одамзоднинг жони танини тарк этгунча, унинг тавбасини қабул этавераман!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:

– Қилинган гўзал ва хайрли ишлар, сув либоснинг кирини кетказгандай гуноҳларингизни ювиб кетади.

Бир одам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан сўради:

– Мен бир гуноҳ қилдим. Тавба қилиб бошқа бундай қилмасам, Аллоҳ афв этадими?

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу аввал у одамдан юз ўгирди. Жавоб бергиси келмади. Сўнгра бурилиб, унга қаради. Одамнинг кўзларидан ёш оқаётган эди. Шундай деди:

– Жаннатнинг саккиз эшиги бор. Ҳаммаси очилиб-ёпилиб туради, фақат тавба эшиги ҳеч ёпилмайди. Унинг устида эшик ёпилмасин учун бир малак бор. Тавба қил, ноумид бўлма!

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл этадилар:

– Аллоҳ махлуқотни яратмасдан тўрт минг йил илгари Аршнинг атрофида шундай ёзув бор эди:

Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират этгувчидирман! (Тоҳа сураси, 82-оят).

Эй биродарим, билиб қўйки, тезлик билан катта ва кичик гуноҳлардан тавба қилиш ва ёмон феълларни тарк этиб, яхши ахлоқли бўлиш фарзи айндир. Кичик гуноҳларга бепарволик ва ҳадеб кичик гуноҳ қилавериш катта гуноҳларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ айтади:

(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир” (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 747 times

Мақолалар

Top