Мақолалар

Сутранинг баландлиги қанча бўлиши керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. «Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб кўнглини бузмасин, хусусан, Шайтон васваса қилмасин.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз жойлари билан девор орасида бир қўй сиғадиган жой бор эди». Уччовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Баъзи бир уламолар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари билан деворнинг орасида бир қўй сиққудек жой бор эди, дедилар. Тўғрироғи, саждага бош қўядиган жойлари билан девор орасида деганимиздир.

Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Салама розияллоҳу анҳу мусҳаф ёнидаги устун олдида намоз ўқишни танлар эди. Мен унга: «Эй, Абу Муслим, ушбу устун олдида намоз ўқишни танлаганингизни кўрмоқдаман?» дедим. У: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг олдида намоз ўқишни танлаганларини кўрган эдим», деди». Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари зикр қилинаётган шахс машҳур саҳобий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудирлар.

«Мусҳаф ёнидаги устун» дегани, Қуръони Карим ёзилган саҳифалар бир сандиққа солиниб, ўша сандиқ «Муҳожирлар устувонаси» номли бир машҳур устуннинг остига қўйиб қўйилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар олдиларини кесиб ўтмаслиги учун суннат ва нафл намозларни кўпроқ ўша устунни тўсиқ қилиб олиб ўқир эдилар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу одатларини яхшилаб кузатиб юрган эканлар ва ўшанга тақлид ҳам қилар эканлар. Бу ҳолни эса ушбу ҳадиснинг ровийcи Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Язийд ибн Абу Убайд розияллоҳу анҳу мулоҳаза қилиб, ўз хожаларидан сўраб билиб олиб, сўнгра гапириб юрар эканлар.

Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш, у зотнинг намоз ўқиган жойларида намоз ўқиш яхши эканлиги билинади.

Демак, масжидда якка ўзи намоз ўқиётган одам устунни ўзига тўсиқ қилиб олиб ўқигани яхши. Баъзи бирларимиз шу нарсанинг фарқига бормаймиз. Кўринган жойда, ҳатто, кўпчилик ўтиб турадиган жойларда ҳам намоз ўқиб юбориб ўзимизга ҳам ўзгаларга ҳам танглик яратамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб бериларди ва у зот ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Саҳобалардан бирлари «Ҳарба» ёки «Анза» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар эди. Имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини кўндаланг қилиб туриб, ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Уччовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, миниб юрган ҳайвонни тўсиқ қилиб олиб намоз ўқиса ҳам бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозхоннинг сутраси ҳақида сўрашди. Бас, у зот: «Эгарнинг суянчиғи баландлигича», дедилар». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, савол сутранинг баландлиги ҳақида бўлган. Арабларда одам суяниб кетиши учун эгарнинг орқаси махсус равишда баланд қилинади. Ана ўша суянчиқ баландлигидаги нарса сутра учун кифоя қилар экан.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай намозни ўқийверсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, сутра қўйиб олган одам сутра орқасидан ким ёки нима ўтганига эътибор бермаслиги керак. Зотан, сутра ўзи шунинг учун қўйилади. Сутранинг орқасидан ўтган нарса унинг намозига ҳеч қандай зарар қилмайди.

Ато раҳматуллоҳи алайҳи: «Эгарнинг суянчиғи бир аршин ва ундан баландроқдир», деди». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят соҳиблари машҳур тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳдирлар. У киши ўз илмлари ила ҳатто саҳобалар ичида ҳам машҳур бўлганлар. Ислом умматининг илм денгизи, лақабини олган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Макка аҳли бир масалани сўрашганида, ичингизда Ато туриб мендан сўрайсизларми, деган эканлар.

Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳи эгарнинг суянчиғи ўша вақтларда, яъни, ҳадисларда зикр қилинганлари қанчалик баландликка эга эканини тушунтириб бермоқдалар. Биз, аршин, деб таржима қилган сўз арабчада «зироъ» дейилиб, аслида қўлнинг панжа учидан, чиғаноққача бўлган қисмига айтилади. Узунлик ўлчови сифатида 58 сантиметрни ташкил этади. Демак, сутра қилинадиган нарса ана шу баландлик ёки ундан бироз юқорироқ бўлса кифоя қилар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намоз ўқийдиган бўлса, юзи томонга бирор нарса қўйиб олсин. Агар ҳеч нарса топмаса, асони тиклаб қўйсин. Бас, агар у билан асо ҳам бўлмаса, бир чизиқ чизиб қўйсин. Сўнгра унинг олдидан ким ўтса ҳам зарар қилмайди», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда намоз ўқувчининг олдида сутраси бўлишига катта эътибор берилмоқда. Шунингдек, сутра нималардан иборат бўлиши мумкинлиги тартиб билан баён қилиб берилмоқда. Аввал имкони бўлса, бирор нарса қўйиб олиш керак. Агар ундоқ нарса бўлмаса, асони тиклаб қўйиш керак. Агар асо ҳам бўлмаса, чизиқ чизиб қўйиш керак. Шундан сутра намозхоннинг кўнгли мушавваш бўлишининг олдини олиш учун қилинадиган нарса экани билиниб турибди.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир шохга ёки устунга, ёхуд дарахтга томон намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошлари тўғрисига олиб ўқиётганларини кўрдим. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар». Иккаласини Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, намозхон сутранинг қоқ рўбарусига олмай бироз ўнг ёки чап томонига олиши керак экан.

Манба: Islom.uz

Read 750 times

Мақолалар

Top