Мақолалар

Омир ибн Шурaҳбил Шаъбий (давоми)

Абдулмалик ибн Марвон халифалик тахтига ўтирганида, Ироқ ҳукмдори Ҳажжожга: “Менга маслаҳатчи, насиҳатгўй ва ҳамсуҳбат бўла оладиган, дин ва дунё илмларини эгаллаган бир кишини ҳузуримга юбор” деб мактуб йўллади. Шунда Ҳажжож ўша даврда тобеъинлар сардори саналган Шаъбийни юборади. Халифа уни ўзига энг яқин кишилардан қилиб, қийин ишларда унинг кенг илмига таянар, ташвишли онларда унинг фикрига суянар ва қўшни давлатларга элчи қилиб юборар эди. Халифа Шаъбийни Рум императори Жистинённинг олдига юборгани ана шу элчиликдан бири бўлиб, тарих саҳифаларига муҳрланган эътиборли ҳодиса бўлган. Элчи бўлиб келган Омир ибн Шурaҳбил Шаъбийнинг сўзларини эшитган Рум императори унинг заковати, улуғворлиги, сўзга моҳирлиги ва ҳозиржавоблигидан даҳшатга тушади. Одатда, бошқа элчиларга кўрсатилмайдиган эҳтиром билан ҳузурида бир неча кун қолдиради. Ва ниҳоят кетишга изн берар экан, Шаъбийдан сўрайди: “Сиз халифанинг аҳли байтидан бўласизми?”. Шаъбий: “Йўқ, мен мусулмонларнинг бириман, холос”. Рум императори: “Халифанинг ҳузурига қайтгач, бу ерда бўлган барча гапларни айтиб берганингиздан сўнг, унга мана шу мактубни беринг”, - дейди. Шаъбий Дамашққа қайтгач, халифанинг ҳузурига киради ва кўрган, эшитган барча нарсаларни сўзлаб, халифа сўраган саволларга жавоб беради. Қайтиш олдидан эса Рум императори омонат қилган мактубни халифага бериб чиқиб кетади. Абдулмалик ибн Марвон мактубни ўқиши билан соқчиларга Шаъбийни тезда ҳузурига қайтаришни буюради. Шаъбий келгач, Абдулмалик ибн Марвон: “Мана бу мактубда нима битилганини билармидингиз?” деб сўрайди. Шаъбий: “Йўқ, эй мўминлар амири, билмас эдим”, деб жавоб беради. Абдулмалик ибн Марвон: “Рум императори мактубда менга қуйидагиларни маълум қилибди: “Арабларга ҳайронман, қандай қилиб ўзларига бу йигитдан бошқани подшоҳ қилиб юрибдилар?”. Шаъбий: “У сизни кўрмагани учун шундай деган, агар эй мўминлар амири, у сизни кўрган бўлганида бундай демаган бўлар эди”. Абдулмалик ибн Марвон: “Нима учун Рум императори менга бундай мактуб йўллаганини биласизми?” деб сўради. Шаъбий: “Йўқ, билмайман”, деди. Абдулмалик ибн Марвон айтди: “Менда сиздек заковатли киши борлигига, Рум ҳукмдори ҳасад қилганидан шундай қилган. Бу билан у сизни қатл қилишга мени тезлаб, сиздан халос бўлишни истаган”. Рум ҳукмдорига бу гаплар етиб борганида: “Отасига балли, қойилман, қасамки, дарҳақиқат бундан бошқа нарсани мақсад қилмаган эдим”, деди. Имом Шаъбий илмда шундай юқори даражага эришдики, ҳатто у ўз асридаги тўртта забардаст олимларнинг бири бўлиб танилди. Имом Зуҳрий бундай деган эди: “Уламолар тўрттадир: Булар Мадинаи мунавварада Саид ибн Мусаййаб, Куфада Омир ибн Шураҳбил Шаъбий, Басрада Ҳасан Басрий ва Шомда Макҳул”.

Имом Шаъбий камтарлигидан бирон киши унга олим деб мурожаат қилса, хижолат бўлиб кетарди. Кунларнинг бирида бир киши унга: “Эй фақиҳ олим, менга жавоб берсангиз”, деб савол сўрамоқчи бўлганида, “Ҳой, барака топгур, бизда йўқ сифат билан бизни кўтар-кўтар қилмагин. “Фақиҳ” деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тақво қилган, “олим” деб, Аллоҳдан ҳақиқий қўрққан кишига айтилади. Улар қаерда-ю биз қаерда?!” - деган эди. Яна бир киши бир масала ҳақида сўраганида: “Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб бундай деганлар, Али ибн Абу Толиб бундай деганлар”, деб жавоб берди. Сўровчи: “Ўзингиз нима дейсиз?” деб сўради. Шунда Шаъбий уялган ҳолда табассум қилиб: “Умар ва Али розияллоҳу анҳумонинг сўзини эшитгач, мени сўзимни нима қиласиз”, деди. Имом Шаъбий гўзал ахлоқ ва буюк хислатларга эга олим эди. Мана шу хислатлардан бири у талашиб-тортишишни ёмон кўрар, фойдасиз нарсаларга берилиб кетишдан ўзини асрарди. Бир куни суҳбатдошларидан бири: “Эй Абу Амр, одамлар гапираётган мана бу икки киши ҳақида сиз нима дейсиз?” деб сўраганида, Имом Шаъбий: “Қайси икки киши ҳақида сўраяпсан?” деди. Суҳбатдош айтди: “Усмон билан Али”. Шаъбий: “Аллоҳга қасамки, Қиёмат куни Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумога хусуматчи бўлиб қолишдан покман”, деб жавоб берди. Шаъбий илм билан бирга ҳалимликни ҳам жамлай олган олим эди. Ривоят қилинишича, бир киши уни жеркиб, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилганида: “Агар менга қилаётган туҳматларингда рост бўлсанг, Аллоҳ мени кечирсин. Агар ноҳақ хақорат қилаётган бўлсанг, Аллоҳ сени кечирсин”, дейишдан нарига ўтмаган экан.

Имом Шаъбий нақадар қадри баланд ва улуғ фазилат соҳиби бўлишига қарамай, маърифат ва ҳикматни ўзидан шаъни паст одамлардан олишдан бўйин товламасди.  Бир аъробий унинг илм мажлисига келишни ўзига одат қилиб олган эди. Бироқ доим жим ўтирарди. Шаъбий унга: “Гапирмайсизми?” деганида, аъробий: “Жим ўтирсам – саломат бўламан, эшитсам – ўрганаман. Кишининг қулоқларидан бўлган улуши ўзига қайтади. Аммо тилидан бўлган улуши эса бошқага боради”, деб айтганида, Шаъбий то вафот этгунига қадар аъробийнинг шу сўзларини қайтариб юрарди. Балоғат ва фасоҳат билан гўзал гапириш ва уни чиройли бошқара билиш каби инъом жуда нодир кишиларгагина берилган бўлиб, шулардан бири Имом Шаъбийда мужассам эди. Бунинг мисоли ўлароқ, Имом Шаъбийнинг икки Ироқ амири Умар ибн Ҳубайра бир жамоа мусулмонларни қамаб қўйгандаги унга айтган сўзини мисол қилсак бўлади: “Эй Амир, агар уларни ноҳақ қамаган бўлсангиз, ҳақ уларни чиқаради. Агар уларни ҳақ билан қамаган бўлсангиз, афв уларга ҳам ўтади”. Шаъбийнинг сўзидан ҳайратда қолган амир унинг ҳурматидан барчаларини озод қилиб юборган экан. Имом Шаъбий ўта шижоатли, дин ва илмда даражаси ниҳоятда юқори бўлиши билан бирга, очиқ кўнгилли, яна ҳазилкаш киши ҳам эди. Ҳазил ўрни келиб қолса, уни ўтказиб юбормасди. Шулардан бири: Шаъбий аёли билан ўтирганида, бир киши келиб: “Қайси бирингиз Шаъбий бўласиз?” деганида, аёлини кўрсатиб: “Мана бу”, деган. Яна бир киши: “Шайтоннинг аёлини исми нима?” деб сўраганида. “Биз у тўйда қатнашмаган эдик”, - деб ҳазиллашиб қўйган экан. Имом Шаъбий ҳақидаги энг яхши тасаввурни унинг ўзи ҳақида айтган сўзларидан топсак ажабмас: “Одамлар кўз тикиб турган нарсага асло ўрнимдан турмаганман. Қўл остимдагиларни асло урмаганман. Бирон қариндошим бўйнида қарзи бўлган ҳолда вафот этиб қолса, дарҳол унинг номидан қарзини тўлаб қўйганман”. Имом Шаъбий саксон ёшдан кўпроқ умр кечирди. Аллоҳ таоло чақириғига лаббай деб жонни топширганида, Ҳасан Басрий таъзия изҳор қилиб шундай деган эди: “Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Дарҳақиқат, Имом Шаъбий илми кенг, ҳалимликда тенги йўқ улуғ инсон эди. Исломда унинг юксак ўрни бор”.

Интернет материаллари асосида ЎМИ ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

 

 

Read 784 times

Мақолалар

Top