Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ уйқудан турганларида ўқиган дуолари

Шукр – соҳибига муваффақият ва шифо бахшида этадиган ажойиб нарсадир. Эрталаб уйғонганингизда кунингизни “Алҳамдулиллаҳ” деб бошланг ва уни кун давомида такрор-такрор айтинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонгда уйғонгач кунларини Аллоҳ таолога ҳамд айтиш билан бошлардилар. Уйқудан уйғонганларида: “Бизни ўлдиргандан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин, қайтиш Унинг Ўзигадир”, дер эдилар. Ҳадисдаги ўлдиришдан мурод ухлатишдир, чунки уйқу ҳам кичик ўлим саналади.

Арабларда “Уйқу – ўлимнинг укаси”, деган нақл бор. Тирилтиришдан мурод эса уйқудан уйғотишдир. Шунда ҳадиснинг маъноси – бизни ухлатганидан кейин, уйқуда жонимизни олмай, яна имкон берган, янги кун берган ва уйғотган Аллоҳга ҳамд бўлсин, деганидир.

Одамларга раҳмат дейиш – муваффақиятнинг энг осон йўлларидандир. Кимдир сизга кичкина яхшилик қилганда унга раҳмат айтсангиз, янада кўп яхши ишлар қилишга ўзингизда ғайрат туясиз. Ташаккур айтиш шунақа ажойиб нарса!

Аллоҳга шукр қилсангиз, одамларга доим раҳмат айтсангиз, Аллоҳ мукофотингизни жаннат қилади! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамларга раҳмат айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмайди”.

Шукр қилишга чорлайдиган, тарғиб этадиган оятлар жуда кўп:

“Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 172-оят).

“Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).

“Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз” (Бақара сураси, 185-оят).

“Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).

“Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?” (Нисо сураси, 147-оят).

Аёлнинг эрига, эрнинг аёлига шукр қилиши, бир-бирга раҳмат айтиши ҳам жуда муҳимдир. Зотан ҳозирги замонимизда кўп оилавий муаммолар шу нарсадан келиб чиққан. Аёл киши эри унга инфоқ қилаётган нарсалар учун эрига гўзал ташаккур изҳор этса, эр ҳам аёли уни чиройли кутиб олгани учун, уйни сарамжон-саришта тутгани учун ҳар куни раҳмат айтса, ўйланг қайси оила бузлилади?! Чунки инсон қилган иши учун раҳмат эшитганда, қалби шод бўлади, ишининг қиймати ҳис этишганидан бахтиёр бўлади. Натижада оиладаги кўп муаммолар барҳам топади, бахт-соадат эшиклар-у ромлардан сизиб киради! Мана сизга раҳматнинг, ташаккурнинг кучи!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 1388 times

Мақолалар

Top