Мақолалар

Шайтонга ёрдамчи бўлманг!

Ривоят қилишларича, Умар розияллоҳу анҳу Шом диёрида яшайдиган бир бақувват йигитнинг ҳол-аҳволи ҳақида суриштирдилар. У йигит шаробга муккасидан кетиб, сархуш бўлиб юрганидан хабар топгач, котибга дедилар: “Умардан фалончига. Сенга салом бўлсин. Аллоҳ таоло барча мақтовларга ҳақдор ягона Зотдир. У гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган Зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигадир”, деб ёз.

Хатни тамомлагач муҳр қўйдилар ва элтувчига: “Уни фақат эс-ҳуши жойидалигида топшир”, дедилар. Сўнгра йигитнинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиришини ва тавбасини қабул қилишини сўрадилар. Атрофдагилар ҳам дуога қўшилиб “Омийн”, деб туришди.

Мактуб етиб боргач, йигит уни ўқир экан бундай деди: “У гуноҳни мағфират қилувчи”. Демак, Роббим менинг гуноҳларимни кечиришни ваъда қилган.

“Тавбани қабул этувчи, иқоби шиддатли” – бу билан мени жазодан огоҳлантирмоқда.

“Фазлу карам соҳиби бўлган Зотдир” – У Зотнинг марҳамати чексиз.

“Қайтиш Унинг Ўзигадир”. Йигит мактубни такрор-такрор ўқир экан, ўзини йиғидан тўхтата олмади. Қилган барча гуноҳлари учун тавба қилди. Ҳоли ўнглана бошлади. Бу хабар мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳуга етиб борди.

У зот розияллоҳу анҳу: “Биродарингиз ёмон йўлга кириб тойилганини кўрсангиз мана шундай йўл тутинг. Уни қилаётган ишидан қайтариб, тўғри йўлга солинг. Ҳаққига дуо қилинг. Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилишини сўранг. Асло уни баттар гуноҳга ботишига сабаб бўлувчи иш қилиб, шайтонга ёрдамчи бўлиб қолманг”, дедилар.

 

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг “Меҳр ойи” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Read 1285 times

Мақолалар

Top