Мақолалар

Агар дўзахдан камбағалликдан қўрққанчалик қўрққанида

Ҳозирги кунда кишилар орасида ахлоқсизлик, разолат ва турли жиноятлар шу даражада кенг тарқалдики, бутун олам аянчли аҳволда қолди. Аллоҳни эсдан чиқариш, Унинг улуғлигини унутиш бунинг энг асосий сабабидир. Аллоҳдан қўрқмас экан, инсон ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи нафси нимани хоҳласа, шуни қилади, бу йўлда ўзидан бошқаларга қандай жабру ситамлар етиши ҳақида қайғурмайди.

Мўмин банда бу дунё ва охиратдаги барча орзуларига Аллоҳ таолодан қўрқиш билангина етади. Роббимиз биз бандаларини Ўзидан қўрқишга амр қилиб, бундай марҳамат қилган: “Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар” (Оли Имрон сураси, 175-оят).

“Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар” (Моида сураси, 44-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бундай деганлар: Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Иззатим ва буюклигимга қасамки, иккита қўрқув ва иккита хотиржамликни бандамда жам қилмайман. Ким дунёда Мендан қўрқса, охиратда уни хотиржам қиламан. Ким дунёда хотиржам бўлса, қиёматда уни қўрқитаман”.

Баъзи ҳикмат аҳллари дейдики: “Вужуднинг соғлиги ва омонлиги оз ейишда, руҳнинг соғлиги ва омонлиги гуноҳсиз бўлишда. Диннинг омонлиги эса, Аллоҳ яратган зотларнинг энг зиёлиси Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқига эга бўлишдадир”.

Аллоҳ таоло буюради: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эртаси учун олдиндан нима ҳозирлаб қўйганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ чиндан ҳам қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).

Оятнинг мазмуни: “Аллоҳдан қўрқинг, унга итоат этинг. Моддий ва маънавий азоб чекаётганларга ёрдам беринг. Доимо Аллоҳнинг йўлида бўлинг, қиёмат куни бунинг мукофотини оласиз. Чунки Аллоҳ савоб ишингизни ҳам, гуноҳ ишингизни ҳам – нима қилган бўлсангиз ҳаммасини билади. Фаришталар, осмон, ер, кечаю кундуз, ҳамма-ҳаммаси, инсон нима қилган бўлса шу ҳақда қиёмат куни гувоҳлик беради. Ҳатто инсоннинг ўз аъзолари ўзи тўғрисида гувоҳлик қилади. Ер иймонли ва ихлосли кишиларга гувоҳ бўлади ва: “Менинг устимда намоз ўқиди, рўза тутди, ҳажга борди”, дейди. Раҳмлилар ичида энг раҳмли бўлган Аллоҳ қиёмат куни иймонсизлар билан осийларни ипидан игнасигача синчиклаб сўроқ қилганда уларнинг ҳолига вой бўлади!”.

Уламолар айтганларидек: “Сўзни айтиш – осон, унга ҳисоб бериш қийин бўлади”. Бу ҳақиқатда шундай, ахир Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилганку: “Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлсаю ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир” (Раъд сураси, 10-оят).

Шунинг учун, ҳар биримиз нима деяётганимиз ҳақида ўйлашимиз лозим, чунки Аллоҳ таоло барчамизни бунинг учун ҳисоб қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар” (Исро сураси, 36-оят).

Келинг, ишларимиз ҳақида тафаккур қиламиз, сўз ва суҳбатларимизни баҳолаймиз, фақат ҳақ сўзларни гапирамиз ва Аллоҳ таолодан қўрқадиган тақводор бўламиз!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир мўмин бандани икки кўзидан Аллоҳдан қўрқиб, пашшанинг бошичалик бўлса ҳам ёш чиқиб, юзига оқса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банданинг жилди Аллоҳдан қўрқиб титраса, қуруқ дарахтдан барглари тўкилгандек гуноҳлари тўкилади”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўспирин болани ўлим тўшагида ётганида олдиларига кириб: “Ўлимни қандай топдинг?” дедилар. Бола: “Аллоҳдан умид қиламан ва гуноҳларимдан қўрқаман”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу каби ўринда банда қалбида жам бўлган икки нарсага, Аллоҳ сўраганини бериб, қўрққан нарсасидан уни омонда қилади”, дедилар.

Аллоҳдан қўрқиш банда учун ўта муҳим бўлганидан ориф зотлар уни тарғиб қилишга катта эътибор қаратганлар:

Абул Қосим Ҳаким раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким бирор нарсадан қўрқса, ундан қочади, Аллоҳдан қўрққан Унга қочади”.

Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳдан қўрқиш фақат тақводорнинг қалбигагина ўрнашадиган мулкдир”.

Абу Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳ: “Хавф қалбнинг чироғидир. Қалбдаги яхши ва ёмон нарсалар ушбу чироқ билан кўрилади”.

Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бечора одам боласи, агар дўзахдан камбағалликдан қўрққанчалик қўрққанида, албатта жаннатга кирган бўлар эди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўролмасанг ҳам, У Зот сени кўриб турибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти)

Ибодат баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчининг маърифати ҳосил бўлмагунича, ибодат ҳам ҳосил бўлмайди.

Ибодат, бу – Аллоҳ билан мулоқот йўли, яккама-якка қолиш, унинг ҳузурида қалбимизни поклаш, қилмишларимиздан пушаймон чекиб, истиғфор айтиш, гуноҳларимиз учун афв сўрашдир. Инсон бу дунёга нега келганлигини, ўзининг кимлигини билиши даркор. Билганидан сўнг шунга кўра ҳаракат қилиши керак.

Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир(Нур сураси, 52-оят).

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзига ва Расулига итоат этадиган, ҳар бир ишимизда Ўзидан қўрқадиган, элга, ватанга ва инсониятга фойдали ҳизматлар қиладиган бандаларидан қилишини сўраб қоламиз.

 

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.

Read 1356 times

Мақолалар

Top