Мақолалар

Ҳаёт-мамот масаласи

Илгари болалар эсини танигунча алла эшитарди. Аллада гўзал туйғулар куйланади. Ўзимиз гувоҳмиз, алла эшитиб катта бўлган бола ҳар жиҳатдан тўкис улғаяди. Алланинг ўзига хос жозиба, таровати бўлиб, мурғакнинг қалбига яхшиликни сингдиради.

Афсуски, бугун болаларга алла айтиш ўрнига қўл телефон, телевизор пультини бериб қўйяпмиз. Бундан фарзандларимиз ҳам азият чекяпти.

Болага икки-уч ёшидаёқ қисқа-қисқа ибратли ҳикояларни ўқиб бериш – кони фойда. Уни ўқишга, илм олишга, теран фикрлашга ўргатади. Ота-боболаримиз, момоларимиз шундай қилишган. Энди-чи, тўғриси, оиладаги мутолаа удумидан узоқлашиб кетдик. Аммо сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти янада равнақ топмоқда. Китоб ўқиган шарафланмоқда, рағбатлантирилмоқда. Масалан, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Энг китобхон оила” каби кўрик-танловлар ўтказиляпти. Энг билимдон ёшларимизга эса қимматбаҳо буюмлар ва ҳатто автомобиль совға қилинмоқда.

Албатта, ота-оналаримиз болаларнинг таълим-тарбияси билан янада қаттиқроқ шу­ғулланишлари шарт. Баъзан ойнаи жаҳонда кўриб қоламан, ёш йигитлар турли безорилик­лар, жиноятлар қилишмоқда. Уларнинг қа­биҳ ишларга қўл уришига нима сабаб бўлмоқ­да? Албатта, тарбия масаласига жиддий эъти­бор қаратмаётганимиз туфайли шундай бўлмоқ­да. Бежиз Абдулла Авлоний бобомиз: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳа­локат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, дея таъкидламаган.

Агар фарзандга мурғаклик давриданоқ ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишдек халқимизнинг минг йиллик қадриятларини қулоғига қуйиб борса, албатта, яхши инсон бўлиб улғаяди.

Ўз ўрнида фарзанд катта бўлгач, ота-онаси олдида ҳам бир талай бурч ва вазифалари бўлади. Уларни астойдил адо этиш фарзандни саодатга етаклайди. Жумладан, ўғил-қиз ота-онасига умрбўйи яхшилик қилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: «Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлади, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади» (Имом Абу Яъло ва Имом Табароний ривояти).

Ҳадисдаги “тубо” сўзини уламолар жаннат ва яхшилик маъноларида деганлар. Яъни ота-онасига яхшилик қилган фарзанд охиратда жаннат билан мукофотланади. Бундай солиҳ фарзанднинг умри баракага тўлади.

Айниқса, ота-она кексалик ёшига етганида, уларга яхшилик қилиш динимизда муҳим амаллардан саналади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «“Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”. “Ким (нинг бурни ерга ишқалсин), эй Аллоҳнинг Расули?” дейилди. У зот: “Кекса ота-онасининг бири ёки ҳар иккаласи (билан бирга яшаш бахти)га эришган, сўнгра жаннатга кирмаган кимса(нинг бурни ерга ишқалсин), дедилар» (Имом Муслим ривояти)

Фарзанд ота-онасини улуғлаш, уларга итоат этиш, дуоларини олиб юришдек буюк бахтдан маҳрум бўлмаслиги зарур. Бу ҳурмат ва эҳтиром уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азиз ва мукаррам қилади. 

Матлуба ҳожи она ОЧИЛОВА

Read 1485 times

Мақолалар

Top