Мақолалар

Бепоён чўллар, кенг яйловлар ўлкаси
 

Африканинг марказида жойлашган Чад давлати қадимий маданият ўчоғи­дир. Бу диёр ўзига хос чўллари, воҳала­ри ва кенг яйловлари билан кишилар эъти­борини тортади. Иқлими иссиқ ва ёғингарчилик деярли кузатилмайди.

Бу ўлка этник гуруҳлар, тиллар ва анъаналар маркази бўлиб, бой маданий хилма-хилликка эга. Аҳолисининг олтмиш фоизи мусулмон. Чад халқи самимий ва меҳмондўстдир.

Ислом динининг бу диёрга кириб келиши саҳоба Уқба ибн Нофий розияллоҳу анҳу номи билан боғлиқ. У халифа Умар розияллоҳу анҳу ҳукмронлиги даврида Ливия, Тунис, Жазоир ва Марокаш каби мамлакатларни фатҳ қилган. Унинг авлодлари ҳозир ҳам Чадда истиқомат қилади.

Бу диёрда Исломнинг кенг тарқалишига IX асрда Шимолий Африкадан келган араб ва бербер (Африка қабиласи) савдогарлари сабабчи бўлган. Кейинчалик Канем-Борну империяси минтақага Исломнинг ёйилишида муҳим роль ўйнади.

Чадликлар тижорат мақсадида турли мусулмон мамлакатларида бўлиб, у ернинг яшаш тарзи, маданияти, зироатчилиги, савдо-сотиқ, дин ишларини ва бошқа илмларни эгаллашга киришдилар.

Чадликлар одатда ота-она, фарзандлар ва бир нечта яқин қариндошлари билан биргаликда яшайдилар. Уларнинг урфига кўра, оилада барча масъулият ўғил фарзанд бўйнида. У оиланинг шаъни ва хавфсизлигига жавобгар саналади.

Чорвачилик чадликларнинг асосий даромад манбаидир. Уларнинг уй-жойлари асосан чодирлар ва қамишлардан ясалади. Бу бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчишда қулайдир. Мамлакатнинг жанубий қисмида аҳоли деҳқончилик билан машғул. Унумдор ерлар асосан воҳаларда жойлашгани боис бу ер аҳолиси ўтроқлашган.

Шунингдек, чадликлар тажрибали савдогардир. Улар Марказий Африка мамлакатлари билан чорва моллари, мева, сабзавотлар ва қимматбаҳо тошлар савдосини кенг йўлга қўйган.

Жанубдаги оилалар одатда яқин қарин­дошлари – опа-сингиллари ва ака-укалари билан битта том остида яшайдилар. Уйлар шунга яраша катта қилиб бунёд этилади. Ҳар бир оила аъзосининг шахсий хонаси бўлади. Қизиғи, катталар бир дастурхон атрофига йиғилмайдилар. Эркаклар ва аёллар алоҳида овқатланишади.

Чадликлар миллий анъаналарни ва удумларни эъзозловчи халқ. Шимолий минтақаларда диний маросимлар тўлиқ адо этилади. Жанубдаги баъзи қабилалар суҳбатдошнинг кўзига қарашни одобсизлик деб билишади. Овқатни доим ўнг қўл билан ейдилар. Чап қўлда овқатланиш уят ҳисобланади. Меҳмонларга совға улашиш улар учун одатга айланган.

Мамлакат бўйлаб бой маданий мерос ва диний услубларни уйғунлаштирган кўплаб иншооту масжидларда бежирим ишланган наққошлик асарларини кўриш мумкин. Чад пойтахти Нжамена шаҳридаги “Буюк масжид” шаҳарнинг бош жомесидир.

Чадда диний ва дунёвий таълим берувчи мактаблар ҳамда араб тилини ўрганиш марказлари бор. Бу таълим муассасалари керакли билимларни ва миллий-маданий қадриятларни асраб-авайлашда, уларни келажак авлодга етказишда муҳим аҳа­мият касб этади.

Шоҳрух УБАЙДУЛЛАЕВ

Read 1368 times

Мақолалар

Top