Мақолалар

Абу Муин Насафий асарларида ризқ масаласи

Насафийнинг "Баҳрул калом фи илмил калом" асарида ризқ масаласида қуйидаги сўзлар ёзилган: "Аҳли сунна вал жамоъа эътиқодига кўра ризқлар аниқ тақсимлаб қўйилган. Ризқ тақводорнинг тақвоси ёки фожирнинг гуноҳи сабаб кўпайиб ёки озайиб қолмайди. Аллоҳ таоло ризқнинг кафолатини ўз зиммасига олган.

Ҳаром ризқни ҳам Аллоҳ яратган аммо банда ҳалолни қўйиб ҳаромни танлаганига кўра жазоланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا

"Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида

 Биз тақсимлаганмиз" (Зуҳруф сурасининг 32- ояти).

Дарҳақиқат, Аллоҳ яратган сон-саноқсиз покиза неъматларни қўйиб, покиза неъматларга нисбатан жуда  оз бўлган ҳаром нарсаларни танлаган кишига  уқубатнинг ҳақлиги айни адолатдир. Шунингдек, меҳнату машаққатлар ҳам Аллоҳнинг тақдири ва қазосига кўра бўлади.

مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ

"Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир" (Ҳадид сураси, 22- оят). 

Дори – сабаб, шифо эса Аллоҳдан. Шифони  дори ёки табиб берди дейилмайди, балки Аллоҳ берди дейилади. Либос – иссиқ ёки совуқдан тўсувчи сабаб, иссиқ ва совуқни даф қилувчи Аллоҳдир. Яна шу ризқнинг сабабчиси бўлган касб ҳақида қуйидагиларни айтган: "Озиқ-овқати бор кишига касб қилишлик суннат, рухсат этилган иш, озиқ-овқати йўғу уни сотиб олишга пули бор кишига ҳам рухсат, ўзи муҳтож оилали кишига касб қилиш фарз амал ҳисобланади. Адашган фирқалардан карромийлар касб қилишлик, мол тўплаш ҳаром, Аллоҳга таваккал қилиш вожиб, касб қилиш таваккални инкор этиш бўлади, Аллоҳ ўзи ризқни ўйламаган тарафдан етказади дейдилар ва қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар.

وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ

"Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!" (Моида сураси, 23-оят).

Насафий бунга жавобан: "Аллоҳга таваккал қилиш вожиб. Касб билан шуғулланиш таваккални инкор этиш дегани эмас, чунки таваккал бу қалб ишларидан бўлиб, Аллоҳга ишониш, ундан қўрқиш ва умид қилиш деганидир. Ризқни касбим берди дейилмайди, бу куфр ва залолатдир. Ризқ Аллоҳдан дейилади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади. Ибн Аби Шайба ва Аби Нуаймлар ривоят қиладилар: "Набий алайҳиссалом айтадилар: "Кимки дунёни ҳалол ҳолда сўрашликдан ҳаё қилиб оиласига кенгчилик ва қўшниларига меҳрибончилик кўрсатган ҳолда талаб қилса, қиёмат куни юзи Бадр кечасидаги ой каби балқиган ҳолда келади. Аммо кимки дунёни фахр ва ортиқча кўпайтириш учун талаб қилса қиёматда Аллоҳга унга ғазаб қилинган ҳолида йўлиқади".

 Яна ушбу оятни далил қилиб келтирадилар: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ

"Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!"

Агар касб қилиш ҳаром бўлса, Аллоҳ таоло нима учун касб қилган нарсаларингиздан инфоқ қилингиз деб буюрмоқда. Ҳалол касб ҳаром эмас. Бунга набийларнинг касбу кор билан шуғуллангани далил бўлади. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилган, Идрис  тикувчи бўлган, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Иброҳим алайҳиссалом уруғчи, Шуайб алайҳиссалом чўпон, Довуд алайҳиссалом темирчи, Мусо алайҳиссалом ёлланма ишчи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогар бўлганлар. Демак, касбу кор асло ҳаром эмас".

Ватандошимиз  Абу Муин Насафийнинг шу ва бошқа асарлари авлодларни  зарур илмлар эгаллаш ҳамда адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манбалардир.  Айниқса, унинг асарларидаги ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафий мазҳабидаги мотуридий таълимотига хос ечими билан юртимиздаги тинчликни сақлашда, фарзандларимизни турли ёт ғоялардан асрашда алоҳида ўрин эгаллайди.

 

Санобар МУҲАММАДХЎЖАЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юрти мударрисас

Read 6441 times

Мақолалар

Top