Мақолалар

Жиноят – жаҳолат маҳсули

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тараққий этиб боряпти. Бир томондан иқтисодиётимиздаги силжишлар яққол кўзга ташланаётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг дину диёнати йўлида қилинаётган хайрли ишлар кўзимизни қувонтиряпти.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз жамиятдаги нохуш ҳолатларни муолажа қилишга дин ходимларини жалб қилаётгани имом-хатибларга билдирилган катта ишончдир. Оилавий можароларга, ёшларнинг таълим-тарбиясига оид муаммоларни ҳал қилишда аҳли илмларимизга мурожаат қилинишига сабаб шуки, ҳар қандай муаммо динсизликдан, илм-маърифат йўқлигидан, жаҳолатдан келиб чиқади. Шунинг учун аввал муаммонинг сабабини аниқлаб, сўнг ўша сабаб бартараф қилинсагина масала ҳал бўлади.

Давлатимиз раҳбари жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўтказилган мажлисда айнан ана шу ҳақиқатни илгари сурди. Жиноят ўз-ўзидан содир бўлмаслиги, жиноятнинг оқибати билан курашмасдан унинг содир бўлишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. Бевосита имом-хатибларга мурожаат қилиб, дин ходимлари жиноятчиликка қарши курашда камарбаста бўлиши лозимлигини айтди.

Жиноятчиликнинг урчиб бораётгани, энг ачинарлиси, ёшлар ва аёллар орасида ҳуқуқбузарлик кўпайиб кетгани халқимиз учун ниҳоятда уятли ҳолат бўлса-да, давлатимизнинг масалани ҳал қилишда айнан дин ходимлари, имом-хатибларимизга мурожаат қилиши бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.. Зеро, халқнинг бошига тушган мусибатни даф қилиш биринчи навбатда мўмин-мусулмонларнинг, диндорларнинг зиммасидаги вазифадир.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, эндиликда дин ходимлари фақат диний маросимларни ўтказиб берадиган хизматчи эмас, балки жамиятни соғломлаштириш ҳақида, юртнинг равнақи, халқимизнинг келажаги ҳақида ғамхўрлик қиладиган мақомга кўтарилмоқда.

Нима учун жиноятчиликка қарши курашишга дин ходимлари  ҳам жалб этилмоқда? Чунки ҳар бир жиноят – Аллоҳ таолога қарши исёндир. Ҳар бир жиноят Қуръони каримга, суннатга, шариатга хилофдир, мункар ишдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мункарга қарши курашга чақирганлар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Аммо бу энг заиф иймондир».

Мункар иш – динимизда, шариатимизда инкор қилинган, қайтарилган ҳар қандай ёмон ишдир. Мўмин-мусулмон одам ўз жамиятида содир бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб турган бўлса, лоқайдлик қилиши мумкин эмас. Мўмин одам аввало бу мункарни бевосита ўзи, қўли билан қайтаради. Уламоларимиз мункарни қўл билан қайтариш деганда айнан давлат раҳбарининг, жамиятда қонун-қоида, тартиб-интизом ўрнатишга масъулларнинг жиноятчиликка қарши кураши деб изоҳлаганлар. Кичик бир мункар ишни ҳар ким ҳам тўхтатиши керак, аммо жиноятнинг кўлами кенг бўлса, унга қарши жамият миқёсида, давлат миқёсида курашиш керак бўлса, бу иш мутасаддилар, масъулларнинг зиммасида бўлади. Давлатимиз раҳбарининг жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш борасида саъй-ҳаракатлари ҳадиси шарифнинг айнан шу қисмига оиддир.

Аммо барча масъулиятни раҳбарларга юклаб қўйиб, қўл қовуштириб ўтирилмайди. Мункарни қўли билан қайтара олмаган одам уни тили билан қайтариши лозим. Мункарни тил билан қайтариш айнан уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлиларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вазифаси – ҳар биримизнинг бурчимиздир, ҳар бир имкони бор мўмин-мусулмон учун вожиб амал. Мўмин одам мункарни қўли билан қайтара олмаса, уни амру маъруф, наҳйи мункар йўли билан қайтаради, мункар ишнинг ёмонлигини баён қилади, уни қилмасликка чақиради.

Ҳадиси шарифнинг учинчи қисмида мункарни қўл ёки тил билан қайтаришдан ожизлик иймоннинг заифлигига далолат қилиши айтилмоқда. Демак, мутлақо имкони йўқ одам ҳеч бўлмаганда бу нохушликларга қалбидан норози бўлиши, бефарқ бўлмаслиги лозим экан. Бефарқлик билан, лоқайдлик билан шу ҳолатгача келиб бўлдик. Бироқ энди аввалгидек яшаб бўлмайди. Замоннинг шиддати тез, ахборот асрида ёшларнинг онгига хуружлар кўпайиб боряпти. Шунинг учун энди ҳар бир мункарга, ҳар бир жиноятга қарши бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз лозим. Чунки бунинг ортида ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг, халқимизнинг, Ватанимизнинг келажаги турибди.

Ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган ҳикматларнинг нақадар муҳимлиги бугунги кунда янада яққол сезилмоқда. Зеро, мункар иш қилаётган одамни бу йўлдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар.

Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг жиноят эканини, мункар эканини, гуноҳ эканини билмасликдир. Аввало ана шу сабабни йўқотиш керак, жаҳолатга қарши курашиш керак. Бир ишнинг гуноҳ эканини билган мўмин одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, шариатимизга хилоф бўлиб чиқади. Одам ўлдириш, ўғрилик, зинокорлик, порахўрлик, судхўрлик – буларнинг барчаси инсонни иймонидан айирадиган, шариат ҳаром қилган гуноҳлардир. Шундай экан, одамларга бунинг гуноҳлигини тушунтиришимиз лозим. Буни ким тушунтиради? Аввало ота-она тушунтиради. Тарбия уйдан, оиладан бошланади. Кейин бола боғчага борса, тарбиячи тушунтириши, мактабга борганда ўқитувчиси тушунтириши керак. То бола улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунича унга ота-онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўй, ўқитувчилари, мураббийлари устозлик қилиши лозим. Исломда азалдан шундай бўлган. Ҳар бир инсон атрофидагиларни мункар ишдан қайтарган, ҳеч ким ўзини бу масъулиятдан холи деб билмаган. Шунинг учун мусулмон халқлар бутун дунёга иймонда, ихлосда, илм-маърифатда, одоб-ахлоқда намуна бўлган.

Бугун эса бухорийлар, термизийлар юртида жиноятчиликка қарши кураш долзарб муаммога айланиб қолди. Динимизга, менталитетимизга мутлақо ёт бўлган жиноятларга қарши курашишга мажбур бўляпмиз. Бу эса халқимиз учун ор-номусдир. Ёшларнинг, айниқса аёлларнинг жиноят кўчасига кириши бу борада қилинадиган ишлар жуда кўплигини кўрсатяпти. Энди бу мусибатга қарши бутун халқ оёққа туриши, ҳамма сафарбар бўлиши керак. Ҳар биримиз ишни аввало ўзимиздан, оиламиздан, маҳалламиздан бошлашимиз керак. Ўзимизни ислоҳ қилсак, оила ислоҳ бўлади. Оила ислоҳ бўлса, бутун жамият ислоҳ бўлади, иншааллоҳ.

Давлатимизнинг бугунги талаби барчага ўрнак бўлган ана шу маънавиятимизни тиклаш, ёшлар онгига одоб-ахлоқимизни, миллий қадриятларимизни, маънавиятимизни, урф-одатларимизни сингдиришдир.

Аллоҳ таоло жамиятимизни барча мункарлардан тозалашимизда Ўзи мададкор бўлсин, хайрли ишларимизни бардавом айласин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Read 5355 times

Мақолалар

Top