Мақолалар

Рабиул аввал ойини қандай ўтказишимиз керак?

2017 йилнинг ноябрь ойидан ислом тақвимининг энг аҳамиятли ойларидан бири – Рабиул аввал ойи бошланди. Ислом тарихида бу ойда энг аҳамиятли воқеа – мавлид, яъни бизнинг суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд кунлари борлиги сабабидан ҳам азиз саналади. Рабиул аввал – Аллоҳ таоло инсониятга ислом динини мукаммал кўринишда нозил қилган сўнгги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборган муқаддас ойдир.  Муҳтарам Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам 571 йилнинг Рабиул аввал ойи, ўн биринчидан ўн иккинчига ўтар кечада, аксарият манбаларда ўн иккинчи куни душанба субҳида таваллуд топганлар. Бундан ташқари, бу муқаддас ойда бир қатор эътиборга молик воқеалар содир бўлган, хусусан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилганлар, У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя туғилганлар, биринчи масжиднинг қурилиши ва ундаги илк жума намози ўқилиши каби ҳодисалар ҳам шу ойда рўй берган. Булар орасида албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни дунёнинг турли бурчакларидаги барча мусулмонлар томонидан нишонланади.

Ушбу байрамни нишонлаш ҳақида турли фикрлар мавжуд, биз мусулмонлар учун бу борада ихтилофга боришнинг зарурати йўқ. Биз учун муҳими – бу кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни, уларнинг ҳаёти ва таълимотларини эсга олиш ва номларини поклаб ёд этиш айёмидир. Қолаверса бу кун ўз ҳаётимиз ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматликни адо эта оляпманми, дея мулоҳаза қилиш, ўзини назорат қилмоқ палласидир.

Рабиул аввал – дунё ташвишларидан четга чиқиб, абадий ҳаёт ҳақида фикр юритиш, қоронғулик ҳукм сурган вазиятда оламни ёритган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборгани учун Яратганга чексиз ҳамдлар айтиш фурсатидир.

Бу ой – яна бир марта севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак даврларини – асри саодатни ёдга олиш вақтидир.

Аллоҳ таоло “... сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”, дея марҳамат қилган.

Демак, бу ой – янада кўпроқ зикр қилиш ва Аллоҳга ибодат қилмоқ мавридидир.

Кўпгина имонли кишиларда “Ушбу ойни қандай ўтказишимиз керак?” деган савол юзага келиши мумкин. Жавоб бериш мумкинки, бу ойни қандай ўтказиш борасида муҳим тавсиялар берилмаган. Қандай ва қайси йил, ой, ҳафта, кунда бўлмасин, мўмин киши ўз ибодатини, фарзлар қатори нафл ибодатларини ҳам адо этишда, таъқиқланган нарсаларни тарк этишда, хайрли ва фойдали ишларда бардавом бўлишда жидду жаҳд қилмоғи лозим.   Эътибор берилса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган бу ойнинг моҳияти – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун саловат айтиш, Аллоҳни зикр қилиш мазмун илгари сурилади.

Манбалар асосида рабиул аввал ойини ўтказиш борасида бир қатор тавсиялар бериш мумкин. Бу ойда ўзингиз учун муҳим бир неча мақсадларни илгари суринг: аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини батафсил ўрганинг, бу ажру савобга-да нойил этади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўпроқ ўқинг. Саловат айтишни кўпайтиринг. Бу жараёнда албатта, ибодатларингизни ўз вақтида адо этинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олсин.

Муҳими, Аллоҳ таолонинг чексиз муҳаббати ва меҳрибонлиги учун, бизларга инсонларнинг энг яхшисини, Пайғамбарларнинг энг буюгини, энг улуғ ҳикмат соҳибини, энг марҳаматли ва Ўзи ҳам яхши кўрган зотни Пайғамбар қилиб юборгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтинг! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вавасалламга саловату дурудлар бўлсин!

Шарифа ҒАНИЕВА

 

Read 11957 times

Мақолалар

Top