Мақолалар

«Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғдир»

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Бандам мени зикр этса, Мен ўзим ҳам уни зикр қиламан. Жамоатда зикр қилса, Мен ҳам уни ундан яхшироқ жамоатда зикр этаман. У менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир қадам яқинлашаман. У Менга бир қадам яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Менинг йўлимга кирса, Мен унинг тилакларини тез ижобат қиламан”, деган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у зот айтдилар: “Зикрларнинг афзали Ла илаҳа иллаллоҳу, дуоларнинг афзали Алҳамдулиллаҳ, дедилар.

Ибн Умайр айтадилар: “Ким бошини тўшакка қўйганда Аллоҳни зикр қилса, кейин шу ҳолатда ухлаб қолса, то уйғонгунича зикр қилувчилардан деб ёзилади”.

Фақиҳ айтадилар: “Зикр Аллоҳ таолодан афв ва мағфират демакдир. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират билан зикр қилади”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Иккита калима борки, у тилга енгил, тарозига оғир, Раҳмонга севимлидир, у Субханоллоҳил азийм, Субханоллоҳи ва биҳамдиҳи”, (Бухорий ривояти.)

Убайдуллоҳ ибн Умайр айтадилар: “Ким Алҳамдулиллаҳ деса, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳу акбар деса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Субҳаналлоҳ тасбеҳ айтса, унинг савоби қанчалигига Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг илми етмайди”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир нарсанинг сайқали бор, қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдир”.

Иброхим Наҳаъий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Агар киши уйига кириб, салом берса, шайтон: “Менга бу жойда турадиган жой қолмади”, дейди. Агар ичишга бирон нарса келтирилгач, Аллоҳнинг исмини айтса, шайтон: “Менга жой ҳам, таом ҳам, ичкилик ҳам қолмади”, деб умидсизланганча чиқиб кетади”.

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир.

 Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган қалбга Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

Read 6002 times

Мақолалар

Top