Мақолалар

Дин  – ҳусни хулқдир

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!

Аллоҳ таоло Расулини ана шу одоб ила хулқлантирган. Бу – Ислом ва унинг шариатидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Буюк дин узра” деганлар. Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари  тўғрисида сўрадим. Бас у киши: “У зотнинг хулқлари Қуръондир, Қуръонда бор нарсанигина айтадилар” деди. Яна у киши айтадиларки: “Бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик ҳусни хулқли эмас. Саҳобалардан  ёки аҳли байтлардан бирор киши у зотни чақирсалар албатта “лаббай” деб жавоб берар эдилар”.

Жунайд раҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк хулқ соҳиби деб аталишлари у зотнинг Аллоҳдан ўзгани демаганликлари учундир” деганлар.

Бошқа ривоятларда эса: “У зотнинг буюк хулқ соҳиби дейилишига сабаб ўзларида макоримул ахлоқларни мужассам қилганидир. Бунга “Аллоҳ мени макоримул ахлоқларни батамом қилишим учун юборди” деган ҳадиси шариф ҳам далолат қилади” дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам: “Роббим мени гўзал одоблар ила одоблантириб:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! деди. Буни қабул қилганимдан кейин эса:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! деди” деганлар.

Бизни бир нарса ўйлантиради: нима учун Аллоҳ таоло ўз Расулининг айнан хулқини мадҳ этди экан? Бунда нима ҳикмат ёки сир бор экан? Қуйида ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам, уламолар саййиди, фуқаҳолар саййиди, хатиблар саййиди, ҳукамолар саййиди, қозилар саййиди, фузалолар саййиди, мураббийлар ва муаллимлар саййиди бўлсалар ҳам Аллоҳ таоло у зотни буюк хулқ соҳиби деб мадҳ  этди. Чунки мазкур фазилатлар, сифатларнинг барчаси ҳусни хулққа боғлиқдир. Тассавур қилинг, агар уламолар, фуқаҳолар ва юқорида зикри ўтганларнинг  ҳусни хулқи бўлмаса, улар ким бўлар эди?

Демак,  ҳусни хулқ барча фазилатларнинг аслидир. Албатта, бу илоҳий ўлчам ва  мезондир. Агар оддий инсоний мезонларга эътибор берадиган бўлсак, биринчи ўринда мол-дунё, насл-насаб ёки яна қандайдир нарсалар бўлиши мумкин. Бу ўлчам асосан халқларнинг келиб чиқиши, урфи одати ёки шароитига қараб белгиланади. Демак, биз ҳам бирор кишини мақтамоқчи бўлсак, биринчи ўринда унинг хулқига эътибор беришимиз керак бўлар экан. Шундагина мақтов хақ ва рост бўлади.

Ҳусни хулқ амалий бўлади, бунда инсоннинг барча аъзолари иштирок этади: Биринчи ўринда ҳадиси шарифда келганидек тил, қўл, сўнгра кўз, қулоқ, бурун, оёқ, қорин ва унга тегишли бўлган барча аьзолар Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этиб қайтариқларидан тўлиқлигича қайтиши керак. Бу қоидани бекорга айтганимиз йўқ. Негаки, баъзилар  ҳусни хулқни ўзича тасаввур қилиб ундан ўзича тўн бичадилар. Аслида эса ҳусни хулқ нима эканини билиш учун Оиша онамизнинг айтганларини эслашимиз кифоя: “У зотнинг хулқлари Қуръондир, Қуръонда бор нарсанигина айтадилар”. Демак, ҳусни хулқ бу – Қуръонда келган ҳукмларга амал қилиш демакдир. Қуйида ҳусни хулқнинг мадҳи тўғрисида келган маьлумотлар билан танишиб чиқамиз.

Ўндан ортиқ хадисда ҳусни хулқ мадҳ этилган: Албатта,  имон – ҳусни хулқдир, мўминларнинг имони мукаммали – хулқи гўзалидир, мусулмонларнинг энг исломи гўзали- – ахлоқи гўзалидир, диннинг  барчаси  – ҳусни хулқдир.

Бадхулқлик барча яхшиликларни йўқ қилади, гўёки сирка асални айнитиб уни бузгани каби. Ҳусни хулқ эса, аксинча, ҳар бир яхшиликнинг савобини кўпайтиради ва унга кўрк бахш этади. Чунки ҳусни хулқ жаннатнинг гулидир. Агар исломдан ҳусни хулқ бекор қилинса, исломнинг ҳаммаси бекор бўлади, агар имондан ҳусни хулқ бекор қилинса, имоннинг ҳаммаси бекор бўлади, агар инсондан ҳусни хулқ олинса, ундан мутлоқ инсониятлик олинган бўлади.

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ

(Эй, Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида,

وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا

одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда,

 فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا 

дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир.

Таъбир жоиз бўлса, бир вақт келиб мусулмонлар ўз  динидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқишни бошласалар бунинг сабаби нима бўлиши мумкин? Албатта, ёмон хулқ бўлади: Намоз ўқийди, лекин ахлоқи ёмон, алдайди хиёнат қилади, қўли эгри, қарз олиб бермайди ва ҳоказо. Худди шундай бир вақт келиб барча ислом динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошласалар албатта бунинг сабаби  ҳусни хулқ бўлади. Чунки ҳусни хулқ йўқолган жойда диннинг қиймати ҳам йўқолади, аксинча, ҳусни хулқ бор жойда диннинг, уламоларнинг ва бутун мўмин мусулмонларнинг қиймати ҳам юқори бўлади.

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳабиби, расули, набийси, Қуръоннинг соҳиби, маъсум ва кўплаб мўъжизаларнинг эгаси бўлишига қарамай, агар қалблари қаттиқ бўлса атрофларидан одамлар қочиб кетишлари тўғрисида хабар берилаяпти.  Тасаввур қилинг-да, динни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, уни инсонларга етказишга масъул бўлган кишининг атрофида ҳеч ким қолмаса, унда динни кимга етказадилар? Ҳозирги кунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлиб хизмат қилаётган алломаларимиз, устозлар, мураббийлар ҳам эътибор берадиган нукталардан бири айнан мана шу жойидир. Чунки инсоннинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридагина эгаллаган мавқеи етарли эмас экан, балки\ Аллоҳнинг буйруғига мувофиқ атрофдагиларга ҳам мулойим ва юмшоқ кўнгиллик бўлиб, уларнинг ҳам меҳрини қозониш ва ҳурматларига сазовар бўлиш ҳам керак экан. Зотан, Аллоҳ таоло бизани доимо атрофимиздагилар билан ўзаро гўзал муносабатда бўлишимизга буюрган. Ана шундагина Аллоҳнинг буйруқларини бажаришдан кўзланган мақсад мукаммал ҳолда амалга ошади. Демак, азизлар, биз ҳам ҳозирда ҳаётимизда ҳусни хулқли бўлишга ниҳоятда муҳтожмиз, келинглар, шундай муборак мавлиди шариф ойларида турар эканмиз ҳар биримиз ўзларимиздаги иллатларни муолажа қилиб,  ҳусни хулқли бўлишга қасд қилайлик. Шунда, иншааллоҳ,  атрофимиздагиларга амалий намуна кўрсатган бўламиз.

Исҳоқжон домла Бегматов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими

 

Read 5054 times
Tagged under

Мақолалар

Top