Мақолалар

Бир тикон ҳам гуноҳларга каффоратдир

Абу Салама Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келди. У зот аъробийдан: “Сенда умму милдам касаллиги бўлганми”, деб сўрадилар. У: “Умму милдам нима”, деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умму милдам тери билан гўшт орасидаги ҳарорат”, дедилар. Аъробий: “Йўқ”, деди. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бошинг оғриганми?”, деб сўрадилар. У: “Бош оғриғи нима”, деб, саволга савол билан жавоб берди. Расулуллоҳ унга: “Бош оғриғи, бошдаги шамоллаш бўлиб томирларни лўққиллатади”, дедилар. Аъробий: “Йўқ, менда бундай бўлмаган”, деди. Абу Ҳурайра айтади: “Ҳалиги аъробий туриб кетганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дўзах аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса ана унга қарасин”, деб айтдилар”. 

 “Аъробий” деб чўлда яшайдиган арабга айтилади. Улар одатда фаросатсиз ва маданиятдан йироқ одамлар бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам касал бўлмаган одамни дўзах аҳлидан дейишларининг сабаби шуки, Аллоҳ ўзи суйган бандаларига мусибат ва касалликлар бериб, уни гуноҳларидан фориғ қилади. Бу аъробийга ҳеч қандай касаллик бермадими, ундан чиқди Аллоҳ уни суймайди. Бунинг устига у одамни дўзах аҳлидан эканини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларича айтмаганлар, балки уни Аллоҳ билдирган. Лекин касал бўлмаётган одам Аллоҳ мени ташлаб қўйибди деб ўзини ҳалок қилиш, жасадини азоблаш учун касаллик келадиган тарафларга бурмаслиги, соғлик неъматига ҳам мудом шукрда бўлиши шарт!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишига бирор-бир чарчоқ ва машаққат, хафачилик ва қайғу, азият ва ғам-ғусса етса, ҳаттоки бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ ана шулар эвазига гуноҳларини каффорат қилади”, деб марҳамат қилдилар”.

Бу ҳадисдан одамнинг гуноҳлари мазкур нарсалар сабабли кечирилиши учун у сабрсизлик қилмаслиги, барча мусибатни Аллоҳдан бўлган синов, деб қабул қилиши ва савоб умидида бўлиши кераклиги аён бўлади.

Абдураҳмон ибн Саъид отасидан ривоят қилади: “Салмон Форисий розияллоҳу анҳу Кинда қабиласидаги беморни кўргани борди. Мен ҳам у билан бирга эдим. У бемор олдига кирганида: “Сенга хушхабар бўлсин! Зеро, Аллоҳ мўмин кишининг касаллигини унинг гуноҳларига каффорат ва қиладиган ишлари борасида насиҳат қилади. Фожир одамнинг касал бўлиши эса эгаси аввал боғлаб, сўнг қўйиб юборган туяга ўхшайди. У туя нима учун боғланди-ю ва нима учун қўйиб юборилганини ҳам билмайди”, деб айтдилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ва мўминанинг жасади, аҳли оиласи ва молида балолар, то у Аллоҳ таолога бирорта гуноҳи бўлмаган ҳолида йўлиққунига қадар бўлади”, деб марҳамат қилдилар”.

Демак, “Аллоҳга нима ёмонлик қилдимки, шунча балолар келяпти” деб эмас, “Аллоҳ мўмин бўлганим учун ва мени суйгани учун шундай синовлар юборяпти” деган яхши гумонда бўлиш нақадар бахт!

 Нилуфар Саидакбарова

 

 

Read 5430 times

Мақолалар

Top