Мақолалар

“Масжидул Ҳаром”. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан ҳамда мусулмонлар ибодат қилишлари учун барпо этилган илк масжиддир. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ер юзида қурилган илк масжид қайси?” деб сўрадим. “Масжидул Ҳаром”, дея жавоб бердилар. “Кейин қайси бири?” дедим. “Масжидул Ақсо”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Мазкур масжидда қон тўкиш ва бошқа гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.

 “Масжидул Ақсо”. “Узоқдаги масжид” маъносини англатувчи мазкур жоме Қуддуси шарифда, Сулаймон алайҳиссалом томонларидан қурилган. Исломдан илгари араблар, кейин мусулмонлар унга қибла сифатида юзланиб ибодат қилишган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Қуръони карим ҳукми билан мусулмонлар қибла сифатида Маккадаги Каъбага қараб намоз ўқий бошлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат ушбу уч масжид сари қасд қилиб йўлга чиқилади: Масжидул Ҳаром, менинг масжидим ва Масжидул Ақсо”, дедилар (Имом Термизий ривояти).   

Қубо масжиди. Ислом тарихида илк қурилган масжид.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар. Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган.

Қубо масжиди ҳижрий 435 йилида Абу Яъло Ҳусайний, ҳижрий 555 йилида Жамолиддин Исфаҳоний томонидан янгилади. ҳижрий 877 йилида Қубо масжиди минораси қулаб тушди, ҳижрий 881 йилида Султон Қайтбой Масжиди Набавийни таъмирлаган пайтида, Қубо масжиди минорасини ҳам янгилади. Маълум қилинишича, Усмонийлар ҳукмдори Султон Маҳмудхон ҳижрий 1240 йилида Қубо масжидини қайтадан таъмирлади. Шунингдек, жомеда Усмонийлар ҳукмронлиги томонидан бир қанча таъмирлаш ишлари олиб борилди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига борса ва унда икки ракат намоз ўқиса, умра қилганнинг ажрини олади”, деганлар.

Масжидун Набавий”. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган.  Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. Ёмғир ёғса шифтдан сув ўтиб, сажда қилган одамнинг пешонаси лой бўлар эди. Жоме кейинчалик ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамда кейинги халифа, подшоҳлар томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган.

Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.

 

“Қиблатайн” масжиди. Ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари, душанба куни эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди.

Янги қибла томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида “Масжидул Қиблатайн” деган ном олди.

“Чираман жума” жоме масжиди (Ҳиндистон). Ҳижрий 629 йил Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу Ҳиндистонга келган илк мусулмонлардан ҳисобланади. 

 

 “Хуайшэн” жоме масжиди (Хитой). Ҳижрий 630 йил Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонларидан бунёд этилган. 1695 йил қайта қурилган.

 “Куфа” жоме масжиди (Ироқ). VII асрда қурилган. 2010 йил қайта таъмирланган.

 “Уқба” жоме масжиди (Тунис). Шунингдек, “Қайруан” жоме масжиди номи билан ҳам машҳур. Таҳминан ҳижрий 670 йили Уқба ибн Нафий розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Масжиднинг минораси бугунги кунгача етиб келган дунёдаги энг қадимий  миноралардан ҳисобланади.

“Алеппо” жоме масжиди (Сурия). Умавийлар ҳукмронлиги даврида VIII асрда бунёд этилган. 2003 йил масжид ҳовлиси ва минораси таъмирланган.

“Умавийлар” жоме масжиди (Сурия). Ҳижрий 715 йил қурилган.

“Зайтуна” жоме масжиди (Тунис). Ҳижрий 731 йил барпо этилган. Мазкур жоме ҳузурида энг қадимий Ислом университетларидан бири ҳам жойлашган. Олийгоҳда дунёнинг турли бурчакларидан талабалар келиб таҳсил олишган. 

“Сина” жоме масжиди (Хитой). Ҳижрий 742 йил қурилган. Масжид Хитой меъморчилиги асосида қад кўтарган. Бир неча марта қайта таъмирланган.

“Жума” жоме масжиди (Озарбойжон). Ҳижрий 743 Абу Муслим раҳматуллоҳи алайҳ томонидан бунёд этилган. 


 Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 10310 times

Мақолалар

Top