Донишмандлар: “Яхши эслаб қолгандан кўра, ёмон бўлса ҳам, ёзиб қўйган яхши”, деб бежиз айтмаган. Аждодларимиз қон-қонига сингиб кетган мустаҳкам имон ва қадриятлар таъсирида савдо одобларига қатъиян риоя қилган. Биз ҳам Ислом одобларига амал қилсак, муносабатларимизда бирдамлик, қалбимизда ҳаловат бўлади. Масалан, уста ва иш берувчи ўртасидаги муомала холис, одил бир гувоҳ ҳузурида тасдиқланиши керак. Ундан бир нусха томонларга берилиб, уларда иш кўлами ҳар уч кун ё ҳафтада кўрилиб, ҳисоб-китоблар иккала нусхага ҳам қайд қилиб борилади. Иш бажарилиб, ҳақ тўланиб бўлингач, томонлар рози бўлса, гувоҳ иштирокида ушбу ёзма ахборотнинг асл нусхасига имзо қўйилади. Шунда ёлланувчи қилган ишига, иш берувчи эса зарур ашёлар, берилган шарт-шароит ва иш ҳақига жавобгар бўлади. Томонлардан бири ғирромлик қилса, шартнома бузилади. Ажрим қилиш учун ёзма нусха ва гувоҳ бор. Бу тартибга амал қилмаган айрим ёлланган ишчилар хизматига ҳақ ололмай юради, гапини исботлашга ҳужжати йўқ. Нима бўлганида ҳам, фириб қилган тарафдан барака кетади. Қачон ҳақ эгасини топиб, рози қилмагунича, ҳузур-ҳаловатдан узоқда бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: “Мен қиёматда уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: мен билан аҳдлашиб, кейин алдаган одамнинг; ҳур одамни сотиб, пулини еган шахснинг; ишчи ишлатиб, ҳақини бермаган кишининг”, деб огоҳлантирдилар».
Бундан ташқари, ҳар ким Аллоҳ таолодан қилаётган иши дунё ва охирати учун фойда келтиришини, бировнинг ҳақини ейишдан узоқ бўлишни, ўзининг ҳақини ҳам биров емаслигини сўраб, дуо қилиб туриши керак.
Ишни берувчи ходимларни саралашда эътибор қилиши, иш шароити, сифатини назоратга олиб, олди-берди ишларида муаммолар гирдобига тушмасликка ҳаракат қилиши керак. Иш жараёни билан мунтазам танишиб туриш боис томонларнинг ҳисоб-китоб ишларида ноқулайлик юзага келмайди.
2010 йилда “Toyota” ширкати ўзи ишлаб чиқарган етти миллион дона машинани чақириб олди”, деган хабар тарқалди. Аслида бу чақириқ билмасдан ўтиб кетган хато сабаб бўлди. Ушбу нуқсон қайси машинада кузатилса, унинг эгаси ширкат ҳисобидан машинасини таъмирлатиб олиши керак эди. Бу ҳалол ва айбини тан олган савдо ходимининг одобидир. Кимдир “Toyota”нинг обрўйи тушди, деб ўйлаган бўлса, янглишади. Чунки бу билан уларнинг тўғрилиги ва ишига талабчанлиги намоён бўлди.
Шу каби тўғри бўлиб, ваъдасида турганларга ҳамкорлар ишончи мустаҳкамланади. Ҳадиси шарифда: “Ваъда – қарздир” дейилган. Кишига ваъда беришдан олдин яхшилаб ўйлаб, сўнг бир тўхтамга келиш зарур.
Сут маҳсулотлари ва шарбатлар ишлаб чиқарадиган фирма ходими Нодиржон бундай ҳикоя қилади: “Фирмамизда маҳсулотлар тоза ишланади, ғирромлик ва алдаш йўқ. Қайси ходимнинг қинғирлиги сезилиб қолса, ишдан бўшатилади. Қишлоқ ва маҳаллалардан сут йиғишга махсус ходим ва хизмат машиналари тайинланган. Ҳар бир жойдан олинган сутнинг идишига белги қўйилади. У махсус таҳлилга берилади ва натижа чиққунича қолгани совитгичларда сақланади. Агар сут яроқли бўлса, ишланади, яроқсиз сут махсус жойга тўкилади, у олинган жой одамларидан бошқа сут олинмайди. Сув ва шарбатлар ҳам шундай ишлаб чиқарилади. Бундан кейин маҳсулотлар яна бирданига сотувга чиқарилмай, бўлакларга ажратилиб, маълум вақтгача сақланади. Назорат вақти ўтгач, яна ҳар биридан олиниб, таҳлилга берилади. Натижа ижобий бўлсагина, маҳсулот сотув жойларига тарқатилади. Иш шу билан тугамай, савдо шохобчалари ҳам назорат қилиб турилади. Улар маҳсулотни тоза ва сифатли сақлашда хатога йўл қўйса ёки нархини инсофсизларча оширса, кейинги сафар ўша дўконга лафзсизлиги учун маҳсулот берилмайди. Агар у катта ташкилот бўлса ҳам, иқтисодий алоқани тўхтатишади”.
Бу ўринда лафзга, аҳдга эътибор билан ҳалоллик ва тўғриликка интилиш намоён бўлмоқда. Агар тиббий таҳлили яхши чиқмаган маҳсулот тарк қилинмаганида ёки инсофсизлиги учун ҳамкорлардан воз кечилмаганида фирма қанча фойда кўриши мумкин эди. Бироқ савдо одобларига риоя қилди, савоб олди. Демак, Аллоҳ таоло баракасини берса, ози ҳам кўпининг ўрнини босади ва мол кўпайиб бораверади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ