Мақолалар

Икки  муҳим  масала

“Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларинг (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олинг­лар! Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф, 31).

Бу ояти кариманинг тушиш сабабини муфассирлар бундай тушунтирган:

Жоҳилият даврида ҳаж қилувчилар Минодан қайтгач, Каъбаи муаззамани кийимларини ечиб ташлаб тавоф қилишарди.

Аллоҳ таоло ҳазрат Муҳаммадни соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборгунига қадар одамлар ана шундай жаҳолат ботқоғида эди. Аллоҳ таоло “Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларинг (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олинг-лар!” мазмунли оятни туширди. Бу оят тушгач, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам жарчиси: “Каъбани яланғоч тавоф қилманглар”, деб ҳаммага эълон қилди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ояти карима авратни ёпиш вожиблигига далолат қилади. Инсон намозда ҳам, бошқа ҳолатда ҳам авратини бошқалардан беркитиши керак.

Каъбий айтади: “Жоҳилият аҳли ҳаж қилганларида ёғ, қуйруқ емасди. Шу билан ҳажни улуғлашарди”. Мусулмонлар: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), бундай одатга биз ҳақли эмасмизми?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло оятнинг “...еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар!” мазмунли қисмини туширди. Ибн Аббос бундай дейди: “Оятда исроф ва шубҳадан холи еб-ичиш ҳалол экани баён қилинган”.

Очлик ва чанқоқликни кетказадиган миқдорда еб-ичиш мустаҳабдир. Ана шу миқдордагиси киши жисмининг ва ҳиссиёт аъзоларининг саломатлигига етади. Шунинг учун шариат ифтор ва саҳарликсиз   – узлуксиз рўзадан қайтарган. Овқат емай, узлуксиз рўза тутиш баданни ҳолдан тойдиради ва ўлимга сабаб бўлади. Кишини ибодатга қуввати етмайдиган даражада заифлаштиради. Нафсининг зарурий эҳтиёжларини қондирмаган киши яхшилик ва зуҳддан насибасиздир.

Эҳтиёждан ортиқ миқдорда еб-ичишни баъзилар ҳаром, баъзилар макруҳ дейишган. Зеро, кўп еган киши ошқозони тўла овқатни хазм қилишга қийналади. Бу нарса турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласи гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Нақл қилишларича, Ҳорун ар-Рашиднинг жуда моҳир насроний табиби бор экан. У бир куни олим Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Сизнинг китобингиз (Қуръон)да тиб илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илм ўзи икки хил бўлади: дин илми ва бадан илми (тиб илми)”, дебди. Али ибн Ҳусайн унга бундай жавоб берган экан: “Аллоҳ таоло тиб илмининг барчасини ушбу яримта оятга жойлаб қўйган: “... еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар!”

Шунда насроний табиб: “Пайғамбарингиздан тибга оид бирон нарса нақл қилинмаган”, дебди.

Али ибн Ҳусайн бундай жавоб берибди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиб илмини бир неча сўзга жам қилганлар”.

“Улар қайсилар?” деб сўрабди табиб.

“Ошқозон – касалликлар макони. Парҳез – барча давонинг боши. Ҳар бир баданга ўрганган нарсасини бер!”

Шунда насроний табиб ҳайрат билан иқрор бўлган экан: “Китобингиз ва пайғамбарингиз Жолинусга тиббиётда ҳеч нарса қолдирмабди!”

Қуртубий айтади: “Касалликнинг давоси икки қисмдан иборат: ярми дори-дармон, ярми эса парҳез. Иккиси бир бўлдими, касал соғайиб оёққа турди, деявер”.

Бу иккиси қиёсланса, парҳез яхшироқдир. Парҳезсиз дориларнинг фойдаси йўқ, аммо дори бўлмаса ҳам, парҳез фойда қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Парҳез барча давонинг бошидир”, деганлар.

Оятнинг “...исроф қилманглар!” қисми кўп ейишдан ёки тўйгандан кейин ейишдан қайтаради. Кўп еган кўп ичимлик ичади, бу билан ошқозон оғирлашади. Натижада тоат, хайрли ишлар қилишга, меҳнатга ҳоли келмай қолади. Бу ҳолда ейишда ҳам, ичишда ҳам исрофга йўл қўйилган бўлади. Баъзи тафсир уламолари бу буйруқни “Ман қилинган нарсаларни еманг!” тарзида ҳам тафсир қилишган.

“У исроф қилувчиларни севмайди”. Яъни, Аллоҳ таоло ҳалол ва ҳаром борасида ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди. Зеро, юқорида айтилганидек, еб-ичиш каби ҳалол ишларга ҳам муккасидан кетиш меъёрнинг бузилишига ва чегарадан чиқишга олиб келади. Чегарадан ошиш эса исроф бўлиб, Аллоҳ яхши кўрмайдиган сифатлардан экани ўрганаётганимиз оятда баён қилинмоқда.

Демак, ўртачалик ва меъёрни сақлаш овқатланишда ҳам фойдали экан. Чунки Аллоҳнинг розилиги ҳам, саломатлик сири ҳам ана шу олтин ўртани сақлай билишдадир.

 

Қуртубий, Табарий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади

 

Read 4196 times

Мақолалар

Top