Мақолалар

Беҳуда кулгидан қалб қорайгандан кўра, йиғлаб қалб кўзи ёришсин

Йиғлаб юпанган инсоннинг юзига ҳеч эътибор берганмисиз? Унинг юзи кулгидан тўхтаганникидан кўра тиниқроқ бўлади. Нега? Чунки йиғлаш қалбга фойда беради, уни юмшатади. Йиғласак, кўзларимизга зарарми? Агар шундай бўлса, беҳуда кулгидан қалбларимиз қорайгандан кўра, йиғлаб қалб кўзларимиз ёришсин... Йиғлаш қалб тилида гапиришдир. Йиғлаган қалбга Аллоҳ таоло меҳмон бўлади. Йиғидан таскин олишимиз балки шундандир.

Келинг, қалбимизга холис боқайлик. Шунда йиғлашга арзийдиган ҳолда эканимизни янада яхшироқ тушунган ва ўзимизни йиғидан тўхтата олмаган бўлармидик. Тўлиқ бажармаётган ҳақларимиз устида йиғлайлик. Дун­ёвий ҳасратлар билан эгилиб туришимизни намоз деб атаётганимизга, турли неъматларни ризқ қилиб берган Аллоҳ таолонинг омонатларига хиёнатимиз учун, бутун гуноҳларимиз авф қилиниши фурсатини ғафлат қучоғида ўтказаётганимиз учун йиғлайлик. Ҳар куни гувоҳи бўлаётганимиз воқеа-ҳодисалардан ибрат олмаймиз. Холис муносабат билдиришга келганда туяқуш каби бошимизни беркитиб, ўзгармайдиган ҳақиқат – охират соатини ўзимиздан, қалбимиздан узоқ тутаётганимизга йиғлайлик. Ҳавойи нафсимизнинг хоҳишлари йўлида чопқиллашдан тийилмаймиз. Дуо қиламиз... “Ижобат бўлмади” дея ҳасрат чекамиз. Шукрсизлигимиз учун йиғлайлик.

Баъзи ишлар гуноҳлигини билиб-билмай, елкага ортиб, тавбасиз яшаётганимиз, Қуръонга амал қилмай, суннатга орқа ўгираётганимиз, ҳатто пайғамбарлар ҳам уммат бўлишни орзу қиладиган кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатларидан бенасиб қолиш хавфини ҳис этмаётганимиз учун йиғлайлик.

Олов ўтни еб тугатганидек, яхшиликларимизни еб тугатадиган ғийбатдан қутула олмаймиз. Берувчи ва Олувчи аниқлигини билган ҳолда, ҳасратимиз кундан-кунга ошиб боради. Муҳташамлик остида яшаб, ўзимизни улуғ ҳис этамиз. Яхши кунда унутиб, ёмон кунда эслайдиганимиз Аллоҳ таолонинг марҳамати учун йиғлайлик.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ учун йиғлаган кўзларга дўзах ўти ҳаром деганлар. “Ёш оқмайдиган кўздан асрагин, Аллоҳ!” деб нола қилганлар. Бугун биз ҳеч қурса, беҳуда кулишдан тўхтасак, яхши бўларди...

 

Қизларгул ШАПИЕВА,

тайёрлади.

 

 

Read 4854 times

Мақолалар

Top