Мақолалар

“Исламофобия” дан кўзланган ғаразли мақсадлар

Маълумки, ҳозирги замон ўзининг дунёдаги турли хил сиёсий, ғоявий қарама-қарши кучлар тўқнашуви жиддий тус олган даврлиги билан характерланади. Бу борада олиб борилган илмий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги даврда ўз мустақиллигига эришган янги, ёш давлатлар ҳам узоқ йиллар давомида ўз турмуш тарзини белгилаб олган кучли давлатлар ҳам ана шундай ёвуз кучларнинг, мафкураларнинг кутилмаган хуружларига дуч келмоқда.

Дунё сиёсий манзарасида авж олиб бораётган глобал муаммолар ичида динлараро, миллатлараро, маданий-тамаддунлараро низолар ва тўқнашувларни, информацион-кибер терроризм, ноқонуний қурол ва наркотиклар савдоси, одам савдоси каби турли хилдаги таҳдид ва хавфларни санаб ўтиш мумкин.

Жумладан, диний ақидапарастлик халқаро терроризмнинг кенгайишига, ғарб давлатларида «исламофобия» жараёнининг кескин тус олиб, оммавий сиёсий даражада авж олишига олиб келмоқда. Мусулмонларнинг муқаддас дини бўлмиш ислом динини халқаро терроризм билан боғлашга уринишлар, ғарб матбуотида турли ҳажвий расмлар чоп этиш орқали пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаънини таҳқирлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар, миллионлаб одамларнинг миллий ғурури ва нафсониятига тегадиган бирёқлама, асоссиз баҳо ва хулосалар калтабинларча баён қилинмоқда.

«Исламофобия» – исломдан ва мусулмонлардан қўрқув ва уларга нафрат туйғуси билан қараш демакдир. Шу билан бирга ислом динини қолоқ, мусулмон маданиятини эса қотиб қолган, ҳурфикрликка мойил бўлмаган, патриархал, аёллар фаолиятини чеклайдиган ва бошқа маданиятларга таҳдид солувчи» каби ноўрин айбловларда намоён бўлмоқда.

Ислом динини агрессивликда, террорчиликда айблаш жаҳон миқёсида ислом нуфузининг, ислом мавқеининг ошиб боришидан талвасага тушиш, глобал иқтисодий, сиёсий маданий ва демографик жараёнларда гегемонлигини тарихан йўқотаётган постиндустриал жамиятларнинг сиёсий кучлари учун хосдир.

Малайзия халқаро ислом университети профессори Лоуей Сафи фикрига кўра, ҳозирги кунларда «исламофобия»нинг қуйидаги кўринишлари мавжуд:

  • Исломий дунёқарашни, урф-одатларни бузиб кўрсатиш;
  • Ислом динининг радикал диний уюшмалар ғоялари билан алоқаси борлигини «тасдиқлаш» учун турли «тадқиқотлар» олиб бориш;
  • Ислом динини ғарб жамиятлари учун гўё нотинчлик манбаи сифатида кўрсатиш;
  • Мусулмон оламига нисбатан ноҳақлик ҳолатларни оқлашга уриниш.

Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига кўра, исламофобия Ғарб мамлакатларида, мусулмонлар сони кескин ошиб бораётгани ва исломни Ғарб цивилизациясига рақобат уйғотаётгани сабабли сақланиб келмоқда. Шу ўринда бу ерда истиқомат қилувчи мусулмонлар ғарб урф-одатларини ўзларига сингдириш эмас, балки ислом қадриятларини атрофга ёйиш ходисалари ортиб бормоқда. Чунки, социологларнинг таъкидлашича, XXI асрда ислом бошқа динларга қараганда тезроқ тарқалиб тараққий этиш имкониятига эга. Бунга мисол, бугунги кунда дунё мусулмонларининг сони қарииб 1,8 млрдга етган. Бошқача айтганда мусулмонларнинг сони 2025 йилга бориб дунё аҳолисини 30% ташкил этади.

Ғарб оламида исломга душманлигини кўз-кўз қилиб, миллатлар ҳамда динлар ўртасида низо оловини ёқишга уринган баъзи фитначиларнинг ўзлари, дунё аҳолисининг нафратига учрамоқдалар. Исломофобларнинг ҳаракатлари нафақат дунё мусулмонларига, балки Ғарбнинг етакчи компанияларига ҳам зиён етказмоқда. Бундай шуҳратпарастлар қайси давлатдан бўлса бутун дунё мусулмонлари томонидан эълон қилинаётган бойкотлар натижасида ўша давлат иқтисодиёти зарар кўрмоқда.

Шу ўринда исламофобия муаммолари оммавий тус олиб келаётган бир пайтда, Ўзбекистон терроризмга қарши кураш исламофобияга айланишига ва бу ҳолат очиқ ёки пинҳоний ҳолатларда ислом дунёси билан қарама-қаршиликка олиб келишига қатъиян қарши чиқмоқда. Мазкур масалада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримов: «Кимга қандай туюлмасин, бугун динимизнинг асл моҳиятини асраш, унинг маъно-мазмуни нақадар пок ва эзгу эканини, дин биз учун асрлар давомида ўзлигимизни, миллатимиз, наслимизнинг энг яхши қадриятларини сақлаб қолишда буюк ҳаётбахш куч бўлиб келаётганини такрор ва такрор таъкидлашимиз, бу ҳақиқатни одамларнинг онгига сингдиришимиз даркор», деб таъкидлаган эди.

Сўнги йилларда турли мамлакатларда исломга нисбатан бўлаётган тазйиқлар, исламофобия тусини олган ҳолатларни кўпайиши бизни ҳам ташвишга солиши турган гап. Шу билан бирга бу ҳолат бизнинг тинчлик ва барқарорлик йўлида эришган кўп йиллик ютуқ ва хатти-харакатларимизни йўққа чиқариб, экстремизм ва терроризмни янада кучайтириб юбориши эҳтимоли мавжуд.

Ўзбекистон нафақат ўз халқининг тинчлиги учун, балки она сайёрамиздаги миллион-миллион одамларнинг ҳаётини сақлаш учун ҳушёрликка чақирганини дунёнинг етакчи сиёсатчилари, давлат арбоблари тан олмоқда ва давлатимизнинг ана шундай мураккаб вазиятда, ҳар қандай иккиланишдан холи бўлган сиёсатига ҳурмат ва эҳтиромини билдирмоқда.

М.Муҳаммадсаид

Урганч тумани “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

 

Read 6377 times

Мақолалар

Top