Мақолалар

Жаҳон саҳнасини қачон забт этамиз?..

Кино санъати тарбия воситалари ичида энг таъсирчан соҳалардан саналади. Айниқса, маданиятлар тўқнашуви ва мафкуралар ўртасидаги кураш авжига чиққан, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган паллада энг оммавий санъат бўлган кино беқиёс тарғибот воситаларидан бирига айланди. Шу боисдан бу санъат ҳар доим давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотларнинг самарали фаолият юритиши борасида фармонлар, қарорлар қабул қилинади, ҳар йили соҳа ривожи учун давлат бюджетдан жуда катта миқдорда маблағ ажратилади. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда кино санъати ва киноиндустриясини изчил тараққий эттириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 1996 йилга қадар мамлакатимизда мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилгани, уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айланиб кетгани, бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида экани, 65 таси жиддий таъмирталаб бўлиб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмаётгани айтилди.

Дарҳақиқат, кинотеатрлар хусусийлаштирилиб юборилмасдан фаолиятини замон талабларига мослаштириб борганида бугунги кунга келиб том маънода маърифат ва маънавият марказига айланган бўлар эди. Зотан, у ерда фақат бадиий фильмлар намойиш этилмайди. Маърифий анжуманлар, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган ҳужжатли фильмлар, саҳна асарлари ҳам намойиш этилади. Ўша, хусусийлаштириб юборилган кинотеатрлар ўрнида унинг ўрнини босадиган ҳеч нима қурилмади. Натижада ҳозирда кўплаб қишлоқ ва туманларда катта йиғинлар ўтказиладиган бинолар йўқ. Борлари ҳам кинотеатрларда бўлган шароитга эга эмас.

Давлатимиз раҳбари Ёшларимизни истиқлол ғояси руҳида тарбиялашга кўмаклашадиган, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг бетимсол жасорати, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатини акс эттирадиган, уларни ёрқин образларда тасвирлаган фильмлар кўриш ҳақидаги орзуларини амалга ошириш йўлида барча куч ва имкониятларини ишга солишлари лозимлигини таъкидлади.

Шуни ҳам тан олиш керакки, киноиндустрияси ҳар доим ОАВ нигоҳида танқид қилишга ўнғай соҳа бўлиб келган. Хусусан, “Ўзбеккино” миллий агентлигида ишланган бадиий фильмлар билан хусусий киностудияларда ишланган фильмларни фарқламайдиган қаламкашлар иккаласини аралаштириб уриб кетаверади ва танқидий фикрларига “Ўзбеккино”ни мўлжал қилиб олади.

Лекин, инсоф билан айтганда, мамлакатимиз киноиндустрияси фаолияти камчиликлардан ҳам холи эмас. Ана шундай хато ва камчиликларни кўрсатиб берган давлатимиз раҳбари соҳа мутахассисларига мурожаат қилар экан, “Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизация марказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Фильмлар ишланса, уни масжидларда ҳам кўрсатса бўлади. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”,  деди.

Бинобарин, корейсларнинг “Сарой жавоҳири” деган табиб аёл ҳақидаги сериалини роса маза қилиб томоша қилдик. Чунки сериал катта маҳорат билан ишланган. Ҳатто уни кўриб баъзилар табиблик ҳам қилаётганини эшитдик. Маълум бўлишича, тарихда Тангем деган табиб аёл бўлмаган экан, у умумлашма образ экан. 2013 йил олмонлар “Лекарь: Ученик Авиценны” деган фильм ишлади. Фильмни шу қадар катта маҳорат билан ишлаганки, ҳеч қачон ҳаётда бўлмаган, Ибн Синони кўрмаган одамни Ибн Синога шогирд тушиб табобат илмида ундан ҳам илгарилаб кетганига томошабинни ишонтириб қўйган. Бизда ростакам табибнинг ўзи бор. Аммо у ҳақида ишланган кино йўқ.

Ҳолливудда ишланган “Шерюрак”, “Гладиатор”, “Ватанпарвар” ва шу каби машҳур киноларнинг бош қаҳрамонлари прототиплари бизнинг ватанимизда ҳақиқатан яшаб ўтган Томир она, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Бобур Мирзо, Намоз Баҳодир, Дўкчи Эшон, Генерал Жўрабекларнинг тиззасидан ҳам келмайди. Аммо бизнинг киноижодкорлар улар ҳақида олган фильмлар Ҳолливудда ишланган фильмларнинг тўпиғига ҳам етмайди. 

Президентимиз тилга олган Бухорий, Термизий, Мотуридий, Насафий... каби мўътабар зотларнинг сиймосини кинода жонлантириш эса янада катта масъулият, профессионализмни талаб қилади.

Шунинг учун ҳам давлат ажратадиган ижодий грантлар учун ўтказиладиган танловларда хусусий студияларнинг иштироки ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида барча соҳалар қатори миллий киноиндустриямизни ҳам инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, деди пировардида давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан, турк киноижодкорлари ишлаган Азиз Маҳмуд Худойи ва бошқа улуғлар ҳақидаги киноларни томоша қилган одам жуда қаттиқ таъсирланади. Кўп вақтлар ўша фильм таъсирида юради, ўша азизларнинг зиёратларига боргиси келади, имконини топганлар боради ҳам. Бу ҳақда кечаги “Сарҳисоб” танлови йиғилишида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам тўхталиб ўтдилар. Биз ҳам ана шундай таъсирчан кинолар ишласак – ҳам ўтган аждодларимизнинг руҳини шод этамиз, ҳам халқимизнинг, ёшларимизнинг тарбиясини юксалтирамиз ҳамда Ватанимизга зиёрат туризмига келувчиларнинг сони кўпайишига ҳисса қўшамиз.

Read 4789 times

Мақолалар

Top