Мақолалар

“Тузуклар”да соҳибқирон фазилатлари

Шарқу Ғарб адиблари яратган бадиий ва илмий асарларда Амир Темурнинг буюк сиймоси, ажойиб фазилатлари акс эттирилган. Бундай асарларга Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”лари, Ғиёсиддин Али Яздийнинг “Китоби рўзномои ғазовоти Ҳиндистон”, Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари”, Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”, Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асарлари, Клавихонинг “Кундалик”ларини мисол қилиб келтирсак бўлади. Аммо Соҳибқирон шахси, фазилатлари ва дунёқарашини “Темур тузуклари”дек тасвирлаб бера оладиган манба бўлмаса керак.

Асарда келтирилишича, Соҳибқирон Сейистон жангида (1362 й.) қўл-оёғи яраланиб, икки ой ётиб қолади. Амир Темур Яратгандан ёлвориб сўрайди: “Ўша кеча жума туни эди, тонг отгунча Аллоҳдан мадад сўраб, ухламай чиқдим. Тонг отгач бомдод намозини ўтадим, сўнг қўлимни дуога очган эдим, кўзларим ёшланди. Юрагим бўшашди. Тангри таолога ёлвориб, бу сарсонликдан қутқаришини тиладим”. Аллоҳ таолога ихлос билан қилган илтижолари ижобат бўлди. Соҳибқирон зафарли курашлар олиб борди ва мўғулларни енгиб, буюк салтанат барпо этди. Бу муваффақиятлар замирида чин ихлос бор эди.

Меҳрибонлик, хокисорлик, очиқ юзлилик, қатъият, ҳақиқатгўйлик каби фазилатлар Амир Темур ютуқларининг калитларидандир. Эзгулик душманни ҳам дўстга айлантириши ҳақида у бундай ўгит беради: “Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Мардлик, жасурлик билан давлатни ташкил этиб, жабр-зулмдан узоқроқ бўлишга интилдим”.

Соҳибқирон садоқат, қатъият ва адолатпарварлик каби фазилатларни улуғлаган. Иккиюзламачилик, мунофиқлик каби разил одатларга нафрат кўзи билан қараган. “Тузуклар”да бундай ҳикоя қилинади: “Тажрибамдан кўрдим, ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан. Чунончи, Амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн нодон дўстлардан эди”. Амир Ҳусайн Амир Темурнинг муваффақиятларига эгалик қилиш учун ўзини гўё дўст қилиб кўрсатади. Шундай бўлса-да, Соҳибқирон уни кўп бора кечириб юборади.

Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган бу зот адолат ва ҳақиқат учун курашди, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурди: “Ҳар ернинг ҳокимлари ғаразгўй, туҳматчи ва нафси бузуқ кишиларнинг туҳмат сўзлари билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимга жарима солмасинлар. Фақат бировнинг гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жарима солинсин”. Ибн Арабшоҳ “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” асарида бундай маълумотни келтиради: “У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйинга-ю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳам, садоқат унга ёқар эди... Жасоратлиларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди. У хатосиз фикрловчи, ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганида ҳам ҳақни сўзловчи киши эди”.

Хушмуомалалик, сабр-матонатлилик, одиллик каби сифатларни ўзида мужассам қилган Соҳибқирон бошқа амалдорлардан ҳам шундай фазилатларни талаб қилган. Масалан, вазирлик мансаби бериладиган киши хушмуомала, тинчликсевар, халқпарвар ва ақл-фаросатли бўлмоғи керак эди. Амир Темур ҳасадчи, кек сақловчи, қора ниятли, ғийбатчи, зулмкор, разил, хулқи бузуқ кишиларни ниҳоятда ёмон кўрган, уларни ҳатто навкарликка ҳам олмаган. Жамиятда бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, кўпгина бузуқ одатларга барҳам берган.

Соҳибқирон бобомизнинг буюк ишлари дунё тамаддунига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Амир Темур бобомизнинг маънавий фазилатларига тўхталар экан: “Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди” деб ёзган эди. Ҳақиқатан, халқига, Ватанига муносиб хизмат қилган Соҳибқироннинг фазилатлари биз авлодларга намунадир.

 

Обиджон ТАНГИРОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Read 6887 times

Мақолалар

Top