Азон чақириш ҳижратнинг биринчи йили, Мадинада воқе бўлган. Динимизда азон чақириш суннат бўлиб, ислом аломатларидандир. Азон барчага билдириш, муайян арабча калималарни навбати билан ўқиш демак. Маъноси тушунилса-да, бошқа тилдаги таржимаси ўқилмайди.
Азон масжид ташқарисида ёки минорада чақирилади. Эшитган кимса жунуб бўлса, Қуръон ўқиётган эса-да, азон калималарини такрорлаши суннатдир. Азон калималари ва уларнинг маъноси қуйидагича:
Аллоҳу акбар – Аллоҳ таоло буюкдир. У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмас. Бандаларининг ибодатлари ўзлари учун, Аллоҳ таолога фойдаси йўқдир.
Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ – Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир.
Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ – Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло юборган пайғамбар, Аллоҳ таоло истаган ибодатлар йўлининг билдирувчиси ва Аллоҳ таолога фақат у зот ўргатган ибодатларнинг ярашиқли эканига гувоҳлик бераман.
Ҳаййа алассолаҳ, Ҳаййа алал фалаҳ – Мўминларни намозга, нажотга чорлайдиган бу икки калимага бомдод намозида “Ас солату хойрун минан-навм” (Намоз уйқудан хайрлидир) сўзи илова қилинади.
Аллоҳу акбар –Аллоҳ буюкдир, У Зотга лойиқ ибодатни ҳеч ким қилолмайди.
Лаа илаҳа иллаллоҳ – Ибодатга, сўралишга ҳақли Зот фақат Аллоҳ таолодир. Ундан бошқа кимсанинг ибодат қилинишга ҳаққи йўқ.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинади: “Азон овозини эшитганингизда муаззиннинг айтаётганларини такрорланг”; “Ҳар ким янги туғилган чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат ўқиса, Умму Сибён деган жин унга зиён етказолмайди”.
ЎМИ Матбуот хизмати