Мақолалар

Тавба қилган бахтлидир

Тавба – инсоннинг қилган ёмон ишларидан пушаймон бўлиши ва у гуноҳларни бошқа такрорламасликка берган аҳдидир.  Қуръони каримда: «...Албатта, Аллоҳ таоло (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара, 222), дейилган.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ ва хатолардан пок бўлсалар ҳам кунига юз бор Аллоҳ таолодан гуноҳлари кечирилишини сўрар эканлар.  Ҳадисда : «Гуноҳдан тавба қилувчи гўё гуноҳи йўқ инсон кабидир» (Ибн Можа ва Табароний ривояти), дейилган . Ҳасан Басрий (Аллоҳ раҳмат қилсин): «Мўмин киши эртага қулоғидан, кўзидан, тилидан ва бошқа аъзоларидан сўралишини яхши билади», деганлар.

Умрнинг ҳар дақиқаси ғанимат, тавба қилишга шошилган ютади. Донишмандлар: «Инсоннинг энг яхши куни тавба қилиб, Аллоҳ таолога қайтган кунидир», дейишади. Яҳё ибн Муоз (Аллоҳ раҳмат қилсин): «Мен учун энг катга манманлик – пушаймон бўлмасдан, гуноҳларда давом этиш, тоат-ибодат қилмай туриб, жаннатни орзу қилиш. Жаннатни хоҳлаган киши ёмон ишлардан тийилсин, дўзах азобидан қўрқадиган одам гуноҳлардан чин тавба қилсин», деганлар.

Ҳар куни ўзимизни ўзимиз ҳисоб-китоб қилсак, йўл қўйган хато-камчиликларимизни тузатиб борсак, қиёматда савол-жавобларимиз осон кечади. Ғафлатда қолган кимса шайтоннинг йўриғига осон эргашади. Гуноҳларга такрор қайтиш берган аҳдини бузиш, ваъдага вафо қилмаслик бўлади.

Аллоҳ таолонинг тавба эшиклари ёпилмасидан бурун гуноҳларимиз кечирилишини сўраб, яхши амалларда ғайратли бўлайлик. Шунда, иншаллоҳ, дунё ва охиратда юзимиз ёруғ, саодатли инсонлардан бўламиз.

 

Раҳматуллоҳ НУРМАТОВ,

Тошкент шаҳри «Шайх Зиёвуддинхон» жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 4639 times

Мақолалар

Top