Мақолалар

“Садриддин ҳам бухорога айлангандир”

Хотира

У илк шеърини бутун вужуди билан ҳайқириб, юрагини тўлдириб, фахр ва меҳр билан Минораи Калонга айтди. Бу шеър садолари Лабиҳовузга ҳам етиб келди. Қадим Бухоро кўчалари бу ўтли мисралардан ёришиб кетди: 

Ҳар бир ғунча аввал менинг  юрагимда гуллайди,

Кейин гулга бурканади баҳор келиб кенг жаҳон.

Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди,

Мен шоирман, онажон... 

Онаси қайта-қайта дуолар қилиб, шеърни кўзларига суриб, унга “оқ йўл” тилади. Лабиҳовузнинг кекса тутлари ҳам бу қутлуғ дуога қўшилдилар. У ҳайрат тўла кўзлари билан ҳовузга узоқ термулди. Хаёлига шундай мисралар қуйилди: “Ҳовуз бетидаги ажинлар аждодларим дардларимикин?”

Айниқса, онасининг “Ўзга ерларда осмондан нур ёғилса, Бухоро еридан осмон нур эмар экан”, деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. У ана шу муборак нурнинг абадий ошноси бўлиб қолди. Қалбига Бухоро меҳрини солди, Бухоро мавзуини муҳрлади. Бухоро заминидан ҳамиша ҳикмат излади. Шу боис қалби ёришиб, ўзи ҳам, қалами ҳам чархланиб борди. 

Бухоро тунлари сернур, пурзиё,

Заминдан осмонга гоҳо сузар нур... 

Садриддин Салим шўролар давридаги Бухорони кўриб куюнди, юраги йиғлади. Устоз Неъмат Аминов билан матбуотда “Бухорони қутқаринг!” деб бонг уриб чиқишди. Бухоронинг бу икки забардаст фарзанди она шаҳарларини қутқариш, тарихий ёдгорликларни тезроқ таъмирлаш масаласида қайта-қайта чиқиш қилишди.

Мустабид тузум даврида фақат одамлар эмас, балки шаҳарлар ҳам, юртлар ҳам қатағонга учради. Қадимдан илм-фан маркази бўлган, улуғ алломалар юрти Бухоронинг тарихий ёдгорликлари ҳам қатағон сабаб ташландиқ аҳволда эди. Бухородаги бундай оғир манзараларни кўриб, юраги йиғлаганлардан бири, шубҳасиз, шоир Садриддин Салим бўлди.

Ўша йиллари Хожа Баҳоуддин Нақшбандни зиёрат қилмоқчи бўлганлар яширинча бориб келишарди. Садриддин Салим ўша мураккаб даврларда ҳам бу улуғ зиёратгоҳдан қадамини узгани йўқ. Садриддин Салим Ватан мустақиллигини катта қувонч ва кўзда севинч ёшлари билан кутиб олди. У мустақиллигимизнинг илк кунларида қувонч билан ушбу ёниқ мисраларни ёзди: 

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,

Унинг шони – шонимдир, илло!

Она Ватан бахтим, сурурим,

Мустақилмиз, алҳамдулиллоҳ! 

Мустақиллик туфайли орзу-армонлари ушалганидан бениҳоя хурсанд бўлган Садриддин Салим “Бухорога Бухоро келди” шеърлар туркумини яратди. Унинг ёниб ёзганларининг шеърхонлар қайта-қайта такрорлаб, давраларда айтиб юрадиган бўлишди: 

Бухорога нур-зиё келди,

Имон келди, шарм-ҳаё келди.

Бухорони зулмат этди тарк,

Бухорога Бухоро келди... 

Ёки: 

Ким сени ёр этди, ёр бўлди оқибат,

Ким сени зор этди, зор бўлди оқибат.

Эй Бухоро, бу не ҳикматдир, ажаб,

Ким сени хор этди, хор бўлди оқибат. 

Мустақиллик шоирнинг илҳомига илҳом қўшди, журъатига журъат, ғайратига ғайрат бағишлади. Кўз ўнгимизда гўё Садриддин Салим қайта туғилиб, қайта ижод қилаётгандай бўлди. У ижодий фаолиятини ва илмини, умрини Бухорога бағишлади. Бухоро билан ҳамнафас яшади. Унинг сўнгги йигирма йиллик ижоди ва ҳаёти бевосита Бухоро билан, Бухорода рўй берган улкан ўзгаришлар, ободончилик ва улкан бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқдир.

У энди оддий шоир Садриддин Салим эмас, балки исм-шарифига Бухорий тахаллусини ҳам қўшиб олган эди. Энди у ҳам буюк Бухорийлар каби Бухорони севиш, Бухорони озод ва обод қилишга бел боғлаган чинакам фидойилардан эди. Бухорийлар каби маърифатпарварлик йўлини танлади.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Бухорода бошланган улкан ўзгаришлар, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини таъмирлаш, қайта қуриш ишларида Садриддин Салим олдинги сафда бўлди. У унутилган тарихий жойлар, номларни тиклашда жонбозлик кўрсатди. Унинг журъатли қадамлари тегмаган Бухоро маҳалласи, гузари ва кўчалари қолмаган. Айниқса, ёдгорликлар тарихини, бухоролик авлиёлар ҳаётини изчил ўрганди. Махсус илмий экспедицияга бош бўлиб, Бухоро атрофидаги ҳамда Навоий вилоятидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, қадамжолар тарихини тадқиқ этди, улар ҳақида  туркум мақолалар, китоблар ёзди.

У тасниф этган “Дилда ёр”, “Табаррук зиёратгоҳлар”, “Ҳазрати Азизон Рометаний”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё шоҳ Ахсавий Файзиободий Бухорий”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Икки юз етмиш етти пир” номли китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаётир. Шунингдек, Садриддин Салим Бухорий сценарийси асосида беш қисмдан иборат “Имом Бухорий” видеофилми, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телефилмлари суратга олинган.

У Бухорога келган меҳмонларга кундан-кун обод бўлаётган,  гўзаллашиб бораётган шаҳар, унинг тарихи ҳақида, қадимий ёдгорликлар тўғрисида соатлаб мароқ билан гапирарди. У Бухорони таъриф-тавсиф этишдан асло чарчамасди.

– Бу тарихий воқеа умрбод қалбимда яшайди, – дейди шоирнинг яқин дўсти таниқли олим Самад Азимов. – 2010 йил 30 августда Бухоро шаҳрида “Қадимий ва боқий Бухоро” мажмуасининг очилиш маросими бўлди. Унда  қатнашган муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов улкан мажмуанинг бунёд этилишида сидқидилдан хизмат қилганларни эслаб, жумладан, Сад­риддин Салим Бухорийнинг ҳам номини тилга олиб, бу улкан ишларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаганларида, биз, бухороликларнинг қалбимиз бу меҳрли сўзлардан янада ёришиб кетди. Аслида бу Садриддин Салим фаолиятига берилган энг юксак баҳо бўлди. Садриддин Салим Бухорий “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.

Садриддин Салим Бухорий 1972 йили Бухоро Давлат университетининг чет тиллар факультетини битириб, умрининг охиригача ушбу илм даргоҳида самарали ва ҳалол ишлади. Юзлаб шогирдлар етиштирди. Умрини эзгу, хайрли ва ибратли ишларга бағишлади. Шоир бир умр Бухоронинг Чўпбоз гузарида яшади.

У 2010 йил 10 мартда 64 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижоди уйи Садриддин Салим Бухорийнинг “Ҳикматдир дунё” сайланмасини чоп этди. Шоир ушбу сайланмани ўзи тайёрлаган эди. Афсус, китобни кўриш унга насиб этмади. Ушбу китобни ўқиб чиққач, шоир ижодининг янги-янги саҳифаларини кашф этасиз, самимий шеър мухлисига айланасиз. Китобга филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов сўзбоши ёзган. Сайланманинг биринчи қисми – “Бухорога Бухоро келди” шоирнинг турли китобларига кирган ва янги шеърларидан иборат. “Шариф манзаралар” бўлимида қадим Бухоро тарихи билан бирга мустақиллик йилларида Бухорода амалга оширилган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Таржималар” бўлимидан шоир таржималари ўрин олган. Айниқса, немис мутафаккири Ҳётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни немисчадан ўгиргани эътиборлидир. “Етти авлиё” бўлимида улуғ авлиёлар ҳақидаги теран мақолалар жамланган. Китобнинг ҳар бир боби, бўлими завқ билан ўқилади. Китобдан ўрин олган катта-кичик асарлар мазмун-моҳияти билан ёш авлод баркамол инсонлар бўлиб вояга етишувида катта аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу китоб ёшларга “Ҳар қаричи муқаддас, ҳар тоши зиёратгоҳ, Сени севмай бўлурми, эй авлиё Ватаним!” деб Ватанни Садриддин Салимдек юракдан севиш, ардоқлаш ва уни ҳамиша кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан бебаҳо сабоқлар беради. У бизга Бухорони севиш билан бирга Ўзбекистонни севишни ўргатади. Зеро, шоир Бухоронинг, мустақил Ватаннинг чинакам дилбанди эди. Ўзи ёзганидек: 

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,

Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.

Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,

Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5559 times
Tagged under

Мақолалар

Top