Мақолалар

Кексаларни эъзозлаш – инсоний фазилат

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: Бир катта ёшдаги қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқлаб келди, қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас дедилар.

Демак, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатишни, уларни қадрлашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилмоқдалар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди. Бу ҳадисдан  Аллоҳ таоло кексаларнинг дуоси ва гўдакларнинг бегуноҳлиги туфайли халқларни ўз паноҳида асраши, турли бало-офатлардан омон сақлаши аён бўлади.

Илгари ота-боболаримиз пахсадан қурилган уйларда умргузаронлик қилган, қиш ойлари уйларининг томидаги қорни кураб ташлаганлар. Ўша чоғларда агар уйда ёши улуғ инсон бўлса, у киши бошқа хонага олиб ўтилмагунича, шу уйнинг томига чиқилмаган. Чунки бу ҳурматсизлик саналган. Бу кексаларга ҳурмат туйғуси бизнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг бир исботидир. Ота-онамиз кексалик ёшига етганларида уларга эҳтиром кўрсатиш, хизматларидан малолланмаслик, аксинча, ота-она истакларини адо этишда қойим туришни ўзимизга шараф деб билишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда  ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга уф! дема ва уларни жиркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро, 23 оят).

Ушбу оятда ота-онага яхшилик қилиш ибодат каби улуғ иш экани хабари берилган. Шунинг учун ҳар бир инсон ота-онаси ёш бўладими қари бўладими, соғломми, бемор бўладими ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни ҳурмат қилиши, чиройли сўз айтиши, севиб ардоқлаши ва хизматида қоим туриши даркор.

Қарияларимизга ғамхўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”. Пайғамбаримиз  алайҳиссалом инсонларни ғазотга (уруш) чақирганларида бир инсонни ота-онаси шунчалар ҳам йиғлаб доду вой қилди фарзандининг урушга боришига норози бўлди. Ўша фарзанд Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келиб бу ҳолни айтганида Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ота-онангни қандай йиғлатган бўлсанг шундай кулдир, қандай ўзингдан норози қилган бўлсанг шундай рози қил, ана шу амалинг ғазодан афзалдир”, дедилар. Бир улуғ зотдан сўраган эканлар кексаларни ҳурмат қилишнинг сабаби нимада?  “Ўзингдан ёши улуғни эъзозлаш сабаби шундаки, у Аллоҳ таолони сендан олдинроқ таниган, ўзингдан ёшларни эҳтиром қилиш сабаби эса, у ҳали гуноҳи сендан камроқ” деб, марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. Фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлишини насиб айласин. Омин.

А.РОЗИҚОВ,

Сариосиё туманидаги

“Сўфи Оллоҳёр” жоме масжиди имом-ноиби

ЎМИ матбуот хизмати

Read 8794 times

Мақолалар

Top