Мақолалар

Ҳажга чақирилган меҳмон боради

Умри давомида бир марта умрага, бир марта ҳажга бориб, муқаддас маконларда бўлиб, Мадинаи мунавварада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи шарифларини зиёрат қилиш, Масжидун Набавийда бошини саждага қўйиш, Маккаи мукаррамани зиёрат қилиб Раббимиз фарз қилган ҳаж амалларини бажариб, Исломнинг бешинчи арконини ҳам адо этиш ҳар бир мусулмон ва муслиманинг орзуси. Меҳрибон Парвардигоримиз барчамизни шундай фараҳли кунларга етказсин. 

Аммо вақти-вақти билан ҳажга бориш шароитлари турли сабабларга кўра ўзгариб туради, бу табиий ҳол, албатта. Айтайлик, Масжидул Ҳаромда капитал таъмирлаш ишлари бажарилса ёки Саудия давлати сиёсатида ҳаж билан боғлиқ ўзгаришлар бўлса, бу ҳолатлар бутун дунё мусулмонларининг ҳаж сафарига таъсир кўрсатади. 

Бундан ташқари, аксар аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда ҳам ўзларининг давлатидаги ички вазиятни, аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб фатволар чиқарилади. Ушбу фатволар ҳаж сафарига борувчиларга қулайлик яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан келиб чиқиб қабул қилинади. 

Декабрь ойининг бошида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳам Ҳаж ҳақидаги фатвоси эълон қилинди. Ушбу фатвонинг мазмун-моҳиятини янада яхшироқ англаб олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига бир неча савол билан мурожаат қилдик. 

– Муҳтарам Шайх ҳазратлари, суҳбатимизни ҳаж сафари кимларга фарз бўлиши ва Фатвода ушбу масала қанчалик ифода этилганидан бошласак. 

– Ҳажга боришни орзу қилиш мўмин банданинг энг гўзал туйғуларидан бири. Раббимиз қайсики мўмин юртдошимизнинг қалбига ана шу орзуни солган экан, уни қутлаш керак. Бироқ ҳажга бориш фақат орзу-ҳаваснинг ўзи билан битадиган иш эмас. Ҳатто бир одам туғилганидан умрининг сўнгига қадар ҳажга боришни орзу қилса ҳам унга ҳаж фарз бўлмаслиги мумкин. Аввало, ҳажга боришни ният қилган одам соғлом ва тетик бўлмоғи керак. Чунки ҳаж ниҳоятда машаққатли ибодат, ундан кейин унинг моддий шароити яхши бўлмоғи даркор. Ҳажга борувчи талабгор ўзининг ҳажга бориб-қайтиб келгунича етадиган қилиб оиласининг нафақасини қилиб қўймаса, у ҳаж сафарида эканида оиласида моддий танглик сезилиб қолса, унинг ҳаж ибодати маъқул бўлмайди. Шунингдек, ҳажга бориш-келиш йўли ҳам бехатар бўлиши керак. Бунда йўловчи кесиб ўтадиган мамлакатлардаги сиёсий барқарорлик, об-ҳавонинг мўътадиллиги ва бошқа омиллар назарда тутилади. 

Бизнинг юртимиздан ҳажга борувчиларга бу масалада унчалик қийинчилик йўқ. Чунки йўл билан, ётиш-туриш жойи масалалари билан шуғулланишни давлат ўз зиммасига олган ва зиёратчиларимизнинг сафардаги хавфсизлиги таъминланган. Шу имкониятдан фойдаланмасдан, бесабрлик қилиб ўзбошимчалик билан йўлга чиқиб ўз жонини хатарга қўйиш нодонлик бўлади. 

Яна бир муҳим масала, ҳажга ҳалол маблағ билан бориш масаласига ниҳоятда эътиборли бўлмоқ лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, инсонлар Аллоҳ таоло пок ва фақат покни қабул қилади. Аллоҳ таоло расулларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюриб: “Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман” (Мўминун, 51-оят), деди ва яна: “Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар” (Бақара, 172-оят) деди. Сўнг узоқ сафар қилиб, сочлари тўзиб, ғубор босиб осмонга икки қўлини кўтариб: “Эй Раббим, эй Раббим” (деган) кишини зикр қилдилар. Ваҳолангки, унинг таоми ҳам, шароби ҳам, кийими ҳам ҳаромдир ҳамда ҳаром билан овқатлантиради. Булар билан (унинг қилган дуоси) қандай қилиб ижобат бўлсин” дедилар” (Термизий, Муслим ривояти). 

Бундан аён бўладики, ҳажга ҳалол мол билан бормаган одамнинг сарфлаган харажатлари, иссиқда тортган машаққатлари, кетган хийлагина вақти бесамардир. Фақат элнинг орасида “ҳожи” деган номни олгани қолади, холос. Унинг қанчалик ҳожи бўлгани эса Яратганнинг ҳузурида ҳисобга олиб қўйилган бўлади. 

– Фатвода ҳажга борувчи талабгорларнинг моддий имконияти билан бирга, уларнинг маънавияти масаласига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги айтилган. Бу, кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди. Негаки, ҳамма давлатманд одамлар ҳам халқнинг ҳурматини қозона олмайди-да. Шунингдек, одамлар умри бино бўлиб бир марта боши саждага тегмаган кишиларнинг ҳожи бўлиб келиб яна ўша ношаръий ишларини давом эттириб келаётгани, аммо исмининг ортига “ҳожи” деган унвонни тақиб олганига гувоҳ бўляпти... 

– Ҳаж – моддий ва маънавий ибодат. Ҳажга борувчиларни рўйхатга олиш масаласида ахлоқи гўзал, маънан етук инсонларга эътибор қаратиш зарурлиги муҳим ҳодиса. Чунки инсонлар ҳожиларга бошқача кўз билан қарайди: улардан ўзларига ибрат бўладиган фазилатларни қидиради. Агар ўша хислатларни кўрмаса, улардан ранжийди ва ҳожилик ҳам осон бўлиб қолибди, пули бор одам бориб келаверар экан-да, дея ҳафсаласи пир бўлади. Ана шу сабаб бўлиб бошқа ҳожиларнинг ҳам эл орасидаги обрўси тушиб кетади. 

Фатвода аввалги тўрт арконини ўз вақтида бажариб келаётган, тақвоси, гўзал ахлоқи билан элга ўрнак бўлиб ҳаёт кечираётган инсонларнинг рўйхатга киритилиши айтилгани – шариатимиз талабидир. Зеро, ҳаж ўзидан олдинги тўртта ибодатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. 

Ҳажга бориб келган киши ҳажнинг шарафини ҳимоя қилмоғи керак. Ўша муқаддас жойларга қадами етиш насиб қилган юртдошларимиз, ўйлайманки, “Ўткан кунлар” романидаги Юсуфбек ҳожини кўз олдига келтирса, у одамнинг эл-юрт озодлиги, Ватан мустақиллиги йўлида қанчалик фидокорлик қилганидан ибрат олсалар ҳам хато қилмайди. 

– Давраларда баъзиларнинг бир неча марта ҳажга бориб келганини эшитиб қоламиз. Ўша “ҳожи”ларни учратганда беихтиёр кишининг хаёлига қанчадан-қанча юртдошларимиз йиллаб навбат кутар экан, уларнинг навбатим келгунча умрим вафо қилармикан, деган хавотирда юргани келади. Ўзи ҳаж бир марта фарз экан, кейингиларининг ҳукми нима бўлади? 

– Ҳажга бир марта бориш фарз, қолганлари нафл ибодатдир. Бир марта ҳажга бориб, фарз ибодатини бажариб келган ҳожилар навбатини ўзидан кейинги кишиларга бергани маъқул. Негаки, бу ерда икки мўмин фарз ва нафл ибодатини қаршилашаяпти. Агар ҳаж нафл бўлиб турган киши ҳаж фарз бўлиб турган кишига ўз навбатини берса, ана шунинг ўзидан ҳам катта савоб олади. Чунки у бир фарз ибодатга йўл очган ҳисобланади. 

Яна бир жиҳати мусулмонлар бир-бирига кўмакдош бўлиб, бири иккинчисини қўллаб бормоғи даркор. Ана шунда жамиятимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмайди. Агар икки мусулмон қўшнининг бири ўта бой бўлса, иккинчиси ўта камбағал бўлса, билингки, уларнинг иймонида нуқсони бор. 

Борди-ю, ҳажга олдин бориб келган киши кейинги ҳажга атаган маблағларини бева-бечораларга эҳсон қилса, саховатли инсонлар сафидан жой олади. Аллоҳ таоло сахийларнинг мукофотини тайин қилиб: “Молларини Аллоҳ йўлида (яъни яхшилик учун) сарфлаб, сўнгра берган нарсаларини миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигор ҳузурида улуғ ажр (мукофот) бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар” (Бақара сураси, 262-оят), деб қўйган. 

– Фатвода ёш масаласига эътибор қаратилгани ҳам кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди. Халқимизнинг тарбияси шундайки, кўчада ёш ва кекса киши дуч келиб қолса, ёш йўл бериб, қўлини кўксига қўйгунча, ёши улуғнинг ўтиб кетишини пойлаб унга ҳурмат кўрсатиб туради. Демак, бунда миллатимиз фазилати эътиборга олинибди деб ўйлашимиз мумкин, шундай эмасми? 

– Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади”, деганлар (Термизий ривояти). 

Бинобарин, ўзидан катталарга жой бериш, ёши улуғларнинг йўлини кесиб ўтмаслик – миллатимиз табиатига хос диний хусусиятимиз. Аллоҳга шукрки, ҳажга боришни истовчилар сони йилдан йилга ошиб бораётир. Бу юртимизнинг фаровонлигидан, одамларимизнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганидан дарак беради. 

Шу ўринда кичкина муаммо ҳам чиқади, ҳамманинг биратўла боришининг имкони йўқ. Бир қисми кейинги йилга қолиши керак. Ана шунда ёшларимиз ёши улуғ нуроний отахону онахонларимизга ўзларининг ўрнини бўшатиб берса, бу билан катта савоб иш қилган бўлади. Уларнинг ўзлари ҳажга келгуси йилларда ҳам бораверади, Ёши улуғ кишиларда бу имконият камроқ бўлади. 

Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макка фатҳ қилинган куни отаси Абу Қуҳофани кўтариб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: “Қарияни уйларида қолдирганингизда уни олдига ўзимиз борардик”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). 

Ҳажга навбати келишини сабрсизлик билан кутаётган ёшларимиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг кекса кишига кўрсатган ана шу ҳурматидан ибрат олсалар, бу билан яна бир суннат амални ҳам бажарган бўладилар. 

– Ҳажга боришни истаган одам аввало Ҳаж амаллари ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлиши, шунингдек, ҳажнинг барча арконларини ёд олган бўлиши лозим. Шундай эмасми? 

– Ҳажга боришни истовчи кишилар ҳаж ибодати тўғрисида яхши маълумотга эга бўлмоғи керак. Бунинг учун юртимизда ҳамма шароит мавжуд: кўргазмали қуроллар, ҳаж ва умра амалларига бағишланган махсус китоблар, видео ва аудиотасвирлар... Модомики, ҳажга боришга муҳаббат қўйибдими одам бу ибодатни ҳам ўргансин. Ҳаж Макка-ю Мадинага саёҳат эмас, чинакам ибодат. 

– Ҳожи бўлиб келган юртдошларимизнинг маҳалла-кўйда фаол бўлиши лозимлиги ҳам Фатвода кўрсатилибди. Бу банд ҳам бевосита Ислом таълимоти билан боғлиқ ҳодиса, Зотан, намоз ўқиган, закот берган, рўза тутган кишилар ўз-ўзидан бошқаларга ибрат бўлади. Одамлар улардан маслаҳат сўрайди, шундай эмасми? 

– Ҳажга бориб келган юртдошларимиз, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, “ҳожи” деган номга муносиб бўлиб ўзларининг хулқ-атвори, муомаласи ва бошқа хусусиятлари билан барчада яхши таассурот қолдирмоғи лозим. Айниқса, улар маҳалла-кўй ишларида фаол бўлиб, ёшлар тарбиясида, адашиб нотўғри йўлларга кириб қолган инсонлар билан тушунтириш ишларини олиб бориши, маънавият-маърифат тарқатишда самарали ишларни қилмоғи даркор. Зеро, бир гапни оддий инсон айтгани билан ҳожининг айтгани икки хил таъсир кўрсатади. 

Ўйинқароқ, бевошроқ ёшларга панду насиҳатлар қилиб, уларни ҳуқуқбузарликлардан қайтариш борасида ҳам ҳожиларнинг ўрни бўлакча бўлади. Шунингдек, нотинч оилалар, ўзаро муроса қила олмаётган эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилишда ҳам ҳожилар ўрнак кўрсатмоғи керак. Зеро, мўмин-мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиб, уларни яраштириб қўйиш ҳам ибодатнинг давомидир. 

 
Дамин Жумақул суҳбатлашди.
 
Манба: http://uza.uz

 

Read 5116 times

Мақолалар

Top