Мақолалар

Ватан бу – инсоннинг ўзи яшаб турган, авлод ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой бўлиб, унга инсоннинг оиласи, туғилиб ўсган маҳалласи, вояга етган шаҳар ёки қишлоғи, унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи мамлакат киради. Ватан бу – бир заминда яшаётган инсонларнинг миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчади.

Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда, Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деганлар. Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”.

“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, - деган экан мутафаккирлардан бири.

Келтирилган оят, ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, уни ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайди, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Кимнингдир Ватани чиройли, табиати гўзал ва сўлим, мўътадил ҳароратли бўлса, кимлардир тап-тақир саҳро, доимий қаҳратон совуқ ёки жазирама иссиқ бўлган жойларни ўзларига Ватан билишади. Лекин шунга қарамасдан уларнинг барчаси ўз Ватанини севадики, бу инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ҳар бир ўзлигини англаган инсон ватанда яшар экан ўзини ҳузур-ҳаловатда, ундан узоқ бўлинганда соғинчда ҳис қилади.

Ватанга садоқат, унинг хавфсизлиги ва равнақи йўлида хизмат қилиш ватанпарварлик дея улуғланиб келинган бўлса, ўз нафсига қул бўлиб ватанига хоинлик қилиш эса ватанфурушлик дея қораланиб келган. Тарих ўз ватанига садоқат кўрсатган, ғанимни зир титратган, бу йўлда барча нарсасидан, хатто ширин жонидан вос кечган жасур, мард қаҳромонлар билан биргаликда, ўз тинчлигини, арзимаган моддий манфаат ёки вақтинчалик мансабни кўзлаб ўзининг Ватанини сотган хоинлар билан тўладир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ёшларимизга тарихни чуқур ўргатишга катта эътибор берилмоқдаки, ёшларимиз бундан ибрат олсинлар ва ўз Ватанларига садоқатли фарзанд бўлсинлар.

Энди Ватан ҳимояси деган тушунчага келадиган бўлсак, бу фақатгина ҳарбий соҳа фаолияти билангина амалга оширилмайди. Чунки бугунги кунда шундай услублар вужудга келганки, маълум бир ҳудудда уруш ва жанжалларни келтириб чиқариш, инсонларни бир-бирларига душман қилиб қўйиш, бойликларини талон-тарож қилиш оддийгина бир интернет тармоғи орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлган ҳолатга келиб қолди. Бугунги глобаллашув жараёнлари шиддат биланг ўсиб бораётган, ахборот урушлари олиб борилаётган таҳликали замонда яшар эканмиз, Ватанимиз хавфсизлигига ҳеч биримизнинг бефарқ бўлмаслигимиз, ёт ғоялар таъсирига берилмаслигимиз, ёвуз ва манфур тоифаларнинг фитналарига алданмаслигимиз олдимизда турган энг долзарб вазифалардандир.

Жамиятнинг соғлом ва барқарорлиги унинг ҳар бир аъзоси ўзига белгиланган вазифа ва бурчларни сидқидилдан, тўла тўкис ва ўз вақтида амалга ошириб боришидадир. Ёшлар чуқур билимга эга бўлган ҳар томонлама етук қадрлар бўлиб етишса, таълим соҳаси вакиллари юрт келажаги бўлган ёшларни ўзларидан-да яхшироқ бўлган мутахассислар қилиб етиштирса, тиббиёт соҳаси вакиллари халқимизнинг саломатлигини таъминлаб берса, деҳқонларимиз дастурхонларимизни нозу-неъматларга тўлдирса, уста-ҳунармандларимиз ўз ишлари билан жаҳон аҳлини лол қолдирса, меъморларимиз кўркам ва барҳаёт бинолар барпо этса, муҳандислар янгидан-янги кашфиётлар қилса, ҳарбийларимиз Ватанни ташқи душмандан, ички фитналардан ҳимоя қилса, диндорларимиз халқни маънавий камолат сари етакласа бундай жамият барқарор, юрт тинч, халқ фаровон, давлат мустаҳкам бўлади.

Тарихимизга назар ташлайдиган бўлган, юртимиздан кўплаб олим, буюк инсонлар, қаҳрамонлар етишиб чиққанки, уларнинг Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида қилиб кетган меҳнатларидан халқимиз бугунги кунгача ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Мисол қилиб оладиган бўлсак, Имом Бухорий ҳазратларининг сермаҳсул ижодларидан бугунги кунда бутун дунёда унумли фойдаланиш билан биргаликда, у кишининг ҳурмати юзасидан юртимизни доимо ҳурмат ва эъзоз қилиб келишади. У кишининг ҳоки пойларни зиёрат қилиш учун дунёнинг қайси бир чеккаларидан келишади. Амир Темур қурдирган масжиду мадрасаларни айтасизми, Алишер Навоий ғазалларини айтасизми, Абу Али ибн Синонинг табибликларини айтасизми, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғонийларнинг кашфиётларини айтасизми, Яссавий ҳикматлари, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, Замахшарий қолдирган бебаҳо меросларини, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Куброларнинг жасоратларини айтасизми буларнинг барчалари ўз Ватанлари ва миллатларига беқиёс хизмат қилиб кетган бизнинг аждодларимиз ҳисобланадики, уларга муносиб авлод бўлмоқ бизнинг асосий бурчимиздир.

Донишмандлар айтишган: Тўрт нарса сотилмайди: инсоннинг дини, иймони, танаси ва Ватани. Кимда ким ушбу қоидага риоя қилмас экан, у инсонийлик чегарасидан чиққан ҳисобланади. Алихонтўра Соғуний  ҳазратлари “Биздан эмасдурлар Ватанни севмаганлар” деб бежизга айтмаганлар, чунки яқин ўтмишимизда Ватанимизни ёв қўлига ўтиши, халқимизга қул муомаласи қилинишининг асосий сабаби Ватанига, динига хоинлик қилиш, ўз бурчига масъулиятсизлик билан ёндашиш, ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётдан орқада қолиш оқибатида бўлганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз ва бу хатони қайта такрорламаслигимиз зарур.

 

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий ишлар бўйича мудир муовини О.Адилов

 

Read 5368 times
Tagged under

Мақолалар

Top