Мақолалар

Уйқу – неъмат

Биласизми, дунёда бир неъмат борки, унинг қанчалик бебаҳо эканини тил билан таърифлаб, сўз билан сайқаллаб, гап билан англата олмайсиз.

Бу неъмат билан жуда кўп ишларга қодир бўламиз.

Бу неъмат билан онгу шууримиз тиниқлашади, танамиз кучга тўлади. гўёки кўм-кўк мусаффо  сувда юзимизни ювганимиз каби руҳимиз теран тортади.

Бу неъмат бизни кўзларимизга инганда, танамизни оғушига олганда, узоқларда юрган яқинларимизни, меҳрибон волидамизни... Раббимиз кимники кўришга муяссар айласа уларни тушимизда кўрамиз.

Бу неъмат  билан дунё кезамиз, дунё кўрамиз.

Бу неъмат билан Аллоҳ таоло карам қилса, Сарвари коинотимиз, шафоатчимиз, отамиздан-да, онамиздан-да жонкуяримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрамиз.

Бу неъматнинг қадрига қачон етамиз, қачонки, кўзимиздан уйқу қочганда, танимизни оғир бир ҳолсизлик қамраб олганда, кун бўйи лоҳас бўлиб юриб, бошимизга қаттиқ оғриқ чўкканда, тонггача қорачиқларимизга бу азиз неъмат инмаганда...

Уйқусизлик дардлар ичида энг оғири. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Набаъ сурасида “Уйқуларингизни (бадан ва асабларингиз учун) ором қилдик” (9-оят), деб бизга уйқунинг буюк бир ҳикмат эканини баён қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зеро, мўминнинг уйқуси ҳам ибодатдир”, деган муборак сўзларидан шуни англаб етамизки, уйқу – неъмат. Неъмат бўлганда ҳам неъматлар ичра энг гўзали, энг ширин ва тотлиси, ложувард бир қимматбаҳо тош каби ўзига тортувчи ажойиб бир неъмат экан. Бунинг адоси фақат Шукр, Ҳамд, Зикр билан қилиниши, кечалари бу неъмат кўзимизни тарк қилганда, Яратганга илтижо қилиб, тавба-ю истиғфор айтиб, уйқусизлик азобига дучор қилмаслигини сўрашимиз; яна унга ҳаддан ортиқ кўнгил қўймаслигимиз, узун тунлар фазилатидан фойдаланиб, тунларнинг бир қисмини ибодат билан ўтказишимиз нур устига аьло нур бўлади.

Қизманой ҲАЙИТОВА

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6115 times

Мақолалар

Top