Мақолалар

Муносабат: Илоҳий каломга ошно қалблар

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қуръонни биз нозил қилганмиз ва уни ўзимиз асровчимиз”, деб марҳамат қилган.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам муборак ҳадисларида: “Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатимдир”, деганлар.
Термизий бобомиз ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни тавсифлаб шундай деганлар: “Аллоҳнинг китобида сизлардан олдингиларнинг, сизларнинг ва сизлардан кейингиларнинг хабари бор. У аниқдир, ҳазил эмас. Ким уни тарк этса Аллоҳ уни раҳматидан узоқ қилади. Ким ундан бошқа нарсадан ҳидоят талаб қилса, Аллоҳ уни хор қилади. У Аллоҳнинг мустаҳкам арқони. У доно зотнинг зикри. У тўғри йўлга бошловчи. Унга эргашганлар ҳақиқатдан юз ўгирмайди. Тиллар уни тиловат қилиш билан чарчамас. Уламолар уни қанча ўқиса-да тўймайдилар. Қанча қайтарсанг-да у эскириб қолмайди. Унинг мўъжизалари тугамас. Ҳатто жинлар ҳам уни эшитиб қойил қолишди. Ким у билан гапирса рост гапирибди. Ким унга амал қилса савоб олади. Ким у билан ҳукм чиқарса адолатли ҳукм чиқаради. Ким унга чақирса тўғри йўлга ҳидоят қилинибди”.
Демак, бу иккисига суяниб яшаган одам ҳар икки оламда комил ва барҳаётдир.
Яратганга шукрлар айтамизки, бизга истиқлол неъматини берди. Унут бўлаёзган қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизни англай бошладик. Ота-боболаримизнинг қадамжолари обод бўлмоқда, ўлмас меросларини ўрганиш йўлга қўйилди. Аллоҳ таоло бизни одил раҳбар билан сийлади. У кишининг раҳнамоликларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бераётгани қувонарли ҳол, албатта. Ана шундай ташаббуслардан бири илоҳий каломни халқимиз орасида янада жонлантириш борасида олиб борилаётган “Қуръон мусобақаси – 2018” йил кўрик танловидир.
Тўғриси, юртимизнинг ҳар бир гўшасида илоҳий каломга бўлган завқу шавқни кўриб қувонасан киши. Алҳамдулиллаҳ, жонажон ватанимизда илоҳий каломга ошно қалблар кўп экан. Қисқа муддат бўлса-да, мусобақа иштирокчиларини рўйхатга олиш даврида уларнинг юзидаги нур, кўзидаги зиёни кўриб туриб, ич-ичимиздан меҳр туйдик.
Мана, Раббимизнинг марҳамати ила мусобақа бошланиб кетди. Айниқса, мусобақанинг очилиш маросимида халқимизнинг булбул қорилари Қуръони каримни тиловат қилишди. Юраклар титради, кўзлар ёшланди...
Биз бутун оламга кимларнинг авлоди эканимизни кўрсатадиган давр келди, азизлар. Кейинги йилларда Қуръони карим билан бир қаторда, ҳадис ва фиқҳ каби илмлар бўйича ҳам қатор мусобақалар ўтказилишини умид қилиб қоламиз. Имкониятни қўлдан бой берманг. Ўқинг, интилинг, ватанга садоқатли, аждодларга муносиб ворис бўлинг.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Read 5083 times
Tagged under

Мақолалар

Top